Тошкент вилоятида 2 тадан ИЭС ва ГЭС қурилади – Президент

Жамият

image

Халқ депутатлари кенгаши сессиясида Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар муҳокама қилинди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига эътибор қаратилган. Вилоятдаги 1 минг 48 та маҳалла билан манзилли ишлаб, “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича вазифалар қўйилган.

Шунингдек, 2021-2022 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жами қиймати қарийб 120 триллион сўм бўлган 1 минг 108 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъкидланган. Уларнинг 1 минг 60 таси ҳудудий, 48 таси йирик тармоқлар лойиҳаларидир. Буларнинг натижасида 52 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари кон-металлургия, энергетика, тўқимачилик, кимё, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм вилоят иқтисодиётида асосий драйвер бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Жумладан, жорий йилда Туркия компанияларининг 450 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига Қибрай туманида умумий қуввати 710 Мегаватт бўлган иккита иссиқлик электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, Бўстонлиқда 1 миллиард 48 миллион доллар сармоя эвазига, жами қуввати 540 Мегаватт бўлган иккита гидро электр станцияси қурилиши режалаштирилган.

Мутасаддиларга вилоятда 14 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш, фойдаланилмаётган 18 норуда конлар негизида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилган.

Чирчиқ шаҳрини замонавий инновациялар ва инвестициялар шаҳрига айлантириш, шу намуна асосида вилоятнинг бошқа шаҳарларини ҳам комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

16 минг гектарда боғ ва токзорлар ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш зарурлиги таъкидланган.

Ижтимоий соҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактабларни таъмирлаш, 4 та туманлараро тиббиёт маркази ташкил этиб, гемодиализ хизматларини йўлга қўйиш вазифалари кўрсатиб ўтилган.

Кўп қаватли уйлар, йўллар, ичимилик суви тармоқлари қуриб, қишлоқ ва маҳаллалардаги турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар маълум қилинган.

Мутасадди раҳбарлар Президент айтган устувор вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан халқ депутатлари олдида ҳисобот берган.

Давлат раҳбари шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан суҳбатлашиб, улар билдирган таклифларни қўллаб-қувватлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг