Тошкент вилояти “замҳокими” лавозимини $200 мингга сотмоқчи бўлганлар ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига ишга жойлаб қўйиш учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган эр-хотин ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, фуқаро О.Қ. исмли аёл Тошкент вилояти ИИБга А.Д. ҳамда Ф.М. исмли шахслар ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинлаш учун пул талаб қилаётганини билдирган. 

А.Д. ҳамда Ф.М. исмли шахслар О.Қ.га диплом ҳақида аттестат тайёрлаб бериши, дастлаб вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раислигига, кейинчалик ҳоким ўринбосари лавозимига тайинлаш эвазига жами 200 минг АҚШ доллари сўраган. Улар бўнак сифатида иш бошланишидан аввал 130 минг АҚШ долларини талаб қилишган. 

Ариза юзасидан ўтган йилнинг 13 октябрь куни тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Ф.М. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида аёлдан 130 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасида А.Д. ҳамда Ф.М.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28-модда орқали 211-модда 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, иш Қибрай туман судига юборилган. 

Тошкент вилояти суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг хулосасига кўра, А.Д.га Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (54 млн сўм) жарима ва 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. 

Шунингдек, Ф.М. га 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, БҲМнинг 100 баравари (27 млн сўм) жарима ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

628

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг