Тошкент вилояти бош инфекционисти қамоқдан чиқиш учун вазирлик ва Омбудсмандан ёрдам сўради
Жамият
−
03 Октябрь 2020
11476Хабарингиз бор, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинган. Унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари диққат марказида бўлиб турган масала юзасидан муносабат билдирди. Вазирлик Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши юзасидан ташвишда эканини, мазкур ҳолатга адолатли ва холис ечим топилиши истагида эканини билдирди.
Қайд этилишича, бугун, 3 октябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири С.Азимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 1-сонли тергов ҳибсхонасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) доирасида суҳбат ташкил этилган.
Суҳбат давомида Гулжаҳон Йўлдошева бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва бюджет маблағини талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганлиги, ушбу иш бўйича суриштирув ўтказилиб, шифокор муаммолар ҳақида очиқ гапиргани, бундан ташқари тергов ва суддан яшириниши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, Гулжаҳон Йўлдошева, энг аввало, она эканлиги, 6 нафар вояга етмаган, жумладан, 2 ва 3 ёшли кичик фарзандлари борлиги, тергов ёки суддан яширинишга уринмаганлигини, шу билан бирга Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширувлар ҳамда унга нисбатан юритилаётган суриштирув ва тергов жараёнларида бевосита ўзининг иштирокида холисона кўрилишини таъминлашда ўзига нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” эҳтиёт чорасини ўзгартирилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини, шу асосда Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.
Жамоатчилик эътиборига тушган масала юзасидан QALAMPIR.UZ сайтида туркум мақола ва интервьюлар эълон қилиб келиняпти. Бизга маълум бўлишича, Гулжаҳон Йўлдошеванинг айби билан ўлгани айтилаётган беморнинг ўзи ҳам шифокор бўлган. У коронавирусга чалинганига қарамай, вилоят бош инфекционистининг кўрсатмаси билан юқумли касалликлар шифохонасидан руҳий касаллар шифохонасига кўчирилган ва орадан кўп ўтмай вафот этган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош шифокорнинг ҳибсга олиниши бўйича расмий маълумот берди. Унда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани айтилди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь