Тошкент вилояти ҳокими қонунни бузгани учун ҳайфсан олди
Жамият
−
18 Декабрь 2020
15312Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга ер ажратишда қонунни бузгани учун ҳайфсан берилди. Бу ҳақда кеча, 17 декабрь куни Бош вазир Абдулла Ариповнинг тегишли фармойиши чиқарилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Фармойишда айтилишича, Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимларининг юридик шахсларга ер участкаси ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларида қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш, шунингдек, бу борада ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида ҳокимларга интизомий жазо берилган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг ҳокими Рустам Холматов ва Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимовга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси эълон қилинган ҳамда улар келгусида бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимида қолиши масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.
Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланган.
LiveБарчаси