Ҳожатхона учун чуқур қазиётган ака-укаларни тупроқ босиб қолди. Қурбон бор
Жамият
−
18 Февраль 2020
13358Ҳожатхона учун чуқур қазиш жараёнида икки ака-укани тупроқ босиб қолди. Воқеа натижасида 36 яшар ака вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
2020 йил 17 февраль куни соат 13:50да Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Карвон” савдо мажмуаси ҳудудида 3 нафар ака-укаларнинг ҳожатхона учун чуқур қазиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида 2 нафарини тупроқ босиб қолган.
Ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қутқарув гуруҳи қисқа вақт ичида воқеа жойига етиб бориб, 1987 йилда туғилган фуқаро А.И.ни қутқариб олишди. Афсуски, тупроқ остида қолган бошқа бир фуқаро 1984 йилда туғилган А.И. ҳодиса юз берган жойда ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.