Тошкент кўчаларида юриш эмас, сузиш керак…ми?

Жамият

Ёғингарчилик мавсуми энди бошланди. Афсуски Тошкент шаҳри кўчалари бир неча соатлик ёғингарчиликка ҳам дош беролмади. Бугун, 2 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар, Тошкент шаҳар кўчалари сувга тўлгани тасвирланган видеоларга тўлди. QALAMPIR.UZ тезкор жамоаси Чилонзор туманидаги Тошкент ҳалқа автомобиль йўли, “Чинни бозор” атрофидаги тошқинларни бориб кўрди.

Тошкент ҳалқа автомобиль йўли 543-йўл бўлими бошлиғи Жаҳонгир Жумабоевнинг маълум қилишича, автомобиль йўллари қўмитаси куз-қиш мавсумига аллақачон тайёргарлик кўрган. Унинг айтишича сув тўпланишининг асосий сабаби, сув бориб қуйиладиган “Бўри жар” каналининг ёпиб юборилганида.

“Йўл лойиҳалаштирилганда, сув оқова тизими инобатга олинади. Айнан М-39Б “Тошкент ҳалка автомобиль йўли (ТҲАЙ)” автомобиль йўлининг 0 - 0+200 км оралиғи, “Чинни бозор” атрофидаги барча сувлар Зангиота туманидаги “Бўри жар” каналига қуюлиши кўзда тутилган. Ёмғир ёғиши оқибатида йўлларни сув босишининг асосий сабаби, “Бўри жар” канали ёпиб қўйилган. Биз бу ҳақда кеча хабар топдик ва бугун Зангиота туман ҳокимлигига хат билан мурожаат қилдик.

Ёғингарчиликка тайёргарлик кўриш давомида атрофдаги барча ариқлар тозаланган эди. Бизни ташкилот томонидан барча керакли ишлар амалга оширилган. Ҳозир сув тортиш ускунасини жойлаймиз, шу ускуна ёрдамида йўлни сувдан тозалаймиз” дейди, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли 543-йўл бўлими бошлиғи Жаҳонгир Жумабоев. 

Йўл-йўлакай сув тошқини сабаб тирбандликда вақтини йўқотган ҳайдовчилар фикри билан қизиқдик. “Солиқ тўловчи сифатида Тошкент шаҳрининг дренаж, сув оқова тизимидан розимисиз?” деб берган саволимизга, улар қуйдагича жавоб беришди:

“Умуман рози эмасман. Аҳволни қаранг, ҳамма жой сув”. 

“Вообще” норозиман, ҳамма жой тирбанд, юриб, ишлаб бўлмайди”. 

“Розилигим “0”. Аҳволни кўриб турибсиз, юриб бўлмайди”. 

“Норозиман, деб ҳам айтолмайман. Мутасаддилар ҳам атайлаб қилишмайди-ку. Бу оддий ҳол. Бу тошқинлардан азият чекаётганлар – ҳайдовчилар”.

QALAMPIR.UZ жамоаси Юнусобод тумани 7-даҳа ва шу туманнинг “Mega Planet” савдо маркази атрофида ҳам бўлди. Афсуски, бу туманда ҳам аҳвол оғир.

Дренаж тизимидаги муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлмади. Бир неча йилдан буён бу муаммо билан курашилади аммо… Ҳар йили ёз мавсуми тугаши арафасида туман ва шаҳар ҳокимликлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик олиб борилаётгани ҳақида жар солишади. Афсуски, оғиздаги ишларнинг натижасини ёмғир ёғганда кўряпмиз. Бу кетишда сув босган пойтахт кўчаларида сузишга ҳам тўғри келмаса бўлгани.

Халқ билан мулоқот ўрнатишга уринган, лекин шинам офисидан чиқолмай ўтирган ҳокимбувалардан тумани ҳудудини пиёда айланишларини илтимос қиламиз. Ҳа айтганча, ЭТИК кийиб олиш ёдингиздан чиқмасин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made