Тошкент бюджети тасдиқланди. Пойтахтликлар қанча ўлпон тўлайди?
Жамият
−
10 Январь 2023
6861Тошкент шаҳрининг 2023 йил учун маҳаллий бюджети тасдиқланди. Жорий йилнинг 4 январь куни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг E-qaror порталига жойлаштирилган “2023 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда пойтахт бюджетига аҳоли даромадидан тушадиган солиқлар ўтган йилга қараганда икки баровар кўп фойда келтиради. Яъни Тошкент шаҳрининг 2023 йилги умумий бюджети 6,414 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 752 млрд сўми жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тўғри келмоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич 373 млрд сўмга тенг бўлган.
Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 585 млрд сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу миқдор ҳам ўтган йилгисига қараганда деярли икки бароварга кўп.
2022 йилда юридик шахслардан 214 млрд сўм фойда солиғи ундирилган эди. Жорий йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан 933 млрд, юридик шахсларнинг ер солиғидан 715 млрд, айланмадан олинадиган солиқ ҳисобидан 789 млрд, давлат божидан 657 млрд сўм миқдорида даромад келиб тушиши тахмин қилинмоқда.
Шу сабабли:
• солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;
• ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
• айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш бўйича Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасига вазифа юкланган.
Пойтахт бюджетини тўлдирадиган 475 млрд сўм эса жарималардан тушадиган маблағлар ҳисобига қопланади.
“Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (А.Тошпўлатов), Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (Р.Жалилов), Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси (О.Бозоров), Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси (Р.Ҳамидов) ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида ўрнатилган тартибда бюджетга ундириш чораларини кўриб борсин”, дея топшириқ берган шаҳар ҳокими қарорнинг 17-бандида.
2022 йилда жаримага тортилган пойтахтликлар 256 млрд сўм миқдорида даромад келтирган эди.
Ўтган йили бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализациясидан ундириладиган солиқлар пойтахт бюджетига 374 млрд сўм фойда келтирган бўлса, 2023 йилда пойтахт ғазнасига ўтган йилга қараганда бироз кам улуш тегадиган бўлади – 321 млрд сўм.
Бундан ташқари йиғимлардан тушадиган 428 млрд сўмлик фойда, давлат ташкилотларининг соф фойдасидан 166 млрд сўмлик дивиденд миқдори ҳам ўтган йилгидан кам. Бунга 2023 йил 1 январидан тугатилиши айтилаётган давлат ташкилотлари сабаб бўлиши мумкин. Аввалроқ уларнинг бинолари сотувга қўйилиши айтилган эди.
“2023 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга кўра, жорий йил хусусийлаштириш ҳисобига бюджетга худди ўтган йилги каби 100 млрд сўм даромад келиб тушиши тахмин қилинмоқда.
Бунинг учун Ортиқхўжаев Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аҳад Раззоқовга бўш турган объектларнинг рўйхатини шакллантириш, уларни ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш ва шу бўйича ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида роликлар ва видео-материаллар тайёрлаш, хусусийлаштирилиши мўлжалланган бўш турган давлат мулки объектларини “е-ijro auksion” майдончаси орқали сотиш ишларини ташкиллаштиришни топширган.
Норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ эса 21 млрд сўмни, алоқа хизматлари кўрсатиш учун аксиз солиғидан маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган маблағлар 82 млрд сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, Тошкент бюджети алкогол ва тамаки махсулотларининг акциз солиғидан ҳам яхшигина бойийди.
Бунда алкаголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво учун акциз солиғидан 191 млрд сўм, тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан 199 млрд сўм маблағлар ундирилиши белгиланган.
LiveБарчаси