Тошкент 8371 гектарга кенгаяди. Президент пойтахт чегарасини ўзгартириш бўйича лойиҳалар билан танишди
Жамият
−
05 Август 2020
14316Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатда ернинг ҳисобини аниқ юритиш ва ундан самарали фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилишлар қилиш ҳолатларининг олдини олиш, туман ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини тўғри белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари таркибида тузилган ишчи гуруҳ томонидан бу масалада аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, пойтахт ва Тошкент вилоятининг ер майдонлари, уларнинг ўзаро чегара ҳудудларининг жойлашуви чуқур таҳлил қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.
Маълумки, Тошкент вилоятининг 5 та тумани – Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари айрим маҳаллалари Тошкент шаҳрининг катта ҳалқа йўли ичига кириб қолган.
Мисол учун, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли Хонобод маҳалласи пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари орасида, ёки Тошкент шаҳрига қарашли Улуғбек шаҳарчаси тўлиқ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларида ҳам кўплаб номутаносибликлар мавжуд.
Шу боис, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга 8371 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган.
Тақдимотда ушбу таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мутасадди раҳбарларга юқоридаги масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилди.
LiveБарчаси