Тошкент Осиё ўйинларига тайёр эмас

Спорт

Аввалроқ, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ўзбекистондан Осиё ўйинлари мезбонлигини олиб қўйиб, 2025 йилги Осиё ўсмирлар ўйинларини Баҳрайнга ишониб топширгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий олимпия қўмитаси расмий баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, бугун, 2 декабрь куни Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Онлайн форматда ташкил этилган мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг мурожаатини кўриб чиқиш ҳам ўрин олган.

Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан III ёшлар Осиё ўйинлари муддатини яна бир йилга суришни сўраган.

Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирган.

Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширган ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилган.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича Президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади”, дейилади баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Осиё Олимпия кенгаши Тошкент-2025

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг