Тошкент – 2021: Достон Ёқубов Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди (фото)

Спорт

image

Бугун, 10 декабрь куни Тошкентда давом этаётган оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатининг 4-кунида эркаклар ўртасида 67 кггача бўлган вазнли атлетлар ўртасида финал беллашуви ўтказилди ва унда ўзбекистонлик Достон Ёқубовга тенг келадиган рақиб топилмади. Кумуш медални Колумбия вакили Валенсия Москера, бронзани эса Россия оғир атлетика федерацияси спортчиси Зуфат Гараев қўлга киритди.

Ушбу вазн тоифасида Ўзбекистон номидан Достон Ёқубов ва Адҳамжон Эргашев супачага кўтарилди. Даст кўтариш баҳсларида 144 кгни ўзига бўйсундирган Достон Ёқубов миллий жамоа ҳисобига мундиалдаги илк (кумуш) медални ёзиб қўйди. Кичик олтин медал эса Россия оғир атлетика федерацияси вакили Зуфат Гараев, кичик бронза эса покистонлик Толиб Талҳага насиб этди.

Адҳамжон Эргашев эса илк уринишда 134 кг тошни ўзига бўйсундирди, бироқ иккинчи ва учинчи уринишлари муваффақиятсиз бўлгани сабабли, медаллардан “қуруқ” қолган бўлса-да, силтаб кўтариш баҳсларида 177 кг натижа эвазига бронза медални қўлга киритди. Эргашев икки кураш якунига кўра, 6-ўрин билан кифояланди.

Силтаб кўтариш баҳсларида кумуш медаль колумбиялик Валенсия Москерага (179 кг), олтин эса Достон Ёқубовга (180 кг) насиб қилди.

Шу тариқа умумий ҳисобда 324 кг тошни бўйсундирган Ёқубов Жаҳон чемпионига айланди. 316 кг натижа кўрсатган Москера кумуш медални қўлга киритган бўлса, Гараев (315 кг) 3-ўринга сазовор бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Оғир атлетика Олтин медаль ЖЧ Адҳамжон Эргашев Достон Ёқубов

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг