“Толибон” Трампни хато сиёсатдан огоҳлантирди
Олам
−
22 Сентябрь 8261 2 дақиқа
Афғонистон расмийлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Баграм авиабазаси ҳақидаги сўзларини изоҳлар экан, Вашингтонни ўтмишдаги муваффақиятсиз ёндашувларни такрорламасликка ва мантиқийликни кўрсатишга чақирди. Тегишли баёнотни Афғонистон ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитрат Х саҳифасида эълон қилди.
“Барча икки томонлама музокаралар давомида Қўшма Штатлар Афғонистоннинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги Ислом Амирлиги учун муҳим аҳамиятга эга экани изчиллик билан таъкидланган. Эслатиб ўтамиз, Доҳа келишувига мувофиқ (АҚШ ва иттифоқдош давлатлар қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан олиб чиқилиши тўғрисида – таҳр.) Қўшма Штатлар Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллиги билан боғлиқ масалаларда куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ҳамда унинг ички ишларига аралашмаслик мажбуриятини олган эди. Улар ўз мажбуриятларига содиқ қолишлари жуда муҳимдир. Биз яна бир бор таъкидлаймизки, ўтмишдаги муваффақиятсиз ёндашувларни такрорлашдан кўра, реализм ва рационалликка асосланган сиёсат юритилиши лозим”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Фитратнинг қайд этишича, Афғонистон Ислом Амирлиги барча давлатлар билан умумий манфаатлар асосида конструктив муносабатлар ўрнатишга интилади.
18 сентябрь куни Трамп Вашингтон Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб олишга уринаётганини эълон қилди. 19 сентябрь куни у Америка расмийлари афғон вакиллари билан объект билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилаётганини маълум қилди. 21 сентябрь куни Америка раҳбари TruthSocial ижтимоий тармоғида агар мамлакат расмийлари база назоратини АҚШга қайтаришга рози бўлмаса, бу Афғонистон учун оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзган эди.
2001 йилдан 2021 йилгача Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг Афғонистондаги энг йирик базаси бўлиб хизмат қилган. 2021 йил 1 июлда америкаликлар авиабазани тарк этди, 1 августда эса у “Толибон” назоратига ўтди.
2021 йилнинг 14 апрелида АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Афғонистондаги уруш тугаганини эълон қилди, бу Америка тарихидаги энг узоқ хориждаги ҳарбий кампания эди. Қўшма Штатлар урушни 2001 йил октябрь ойида бошлаган. 2010-2013 йилларда Ғарб иттифоқчиларининг Афғонистондаги ҳарбийлари сони энг юқори чўққига чиқиб,150 000 нафардан ошди. АҚШ қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил май ойида бошланган, АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йилда Афғонистонни тарк этган.
Қўшма Штатлар ўз кучларини олиб чиқиш ниятини маълум қилганидан сўнг, Толибон Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 август куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди ва “Толибон” жангсиз Қобулга кириб келди. Американинг охирги қўшинлари Афғонистонни 2021 йил сентябрь бошида тарк этган.
Live
Барчаси