“Толибон”нинг Қўштепа канали Марказий Осиё учун босим дастаги бўладими?
Олам
−
18 Август 2023
11172Келажакда толиблар Aмударёда қурилаётган Қўштепа канали ва ундаги “Дашт-и-Жун” гидроэлектрстанциясидан Марказий Осиё мамлакатларига босим дастаги сифатида фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Kginfo.ru ахборот-таҳлилий портали ўз мулоҳазаларини эълон қилган.
Бунга мисол тариқасида эса портал Aфғонистонда “толиблар” Шики (Бадахшон вилояти)нинг Панж дарёсидан чегарадош қишлоқларга сув оқимини тўсиб қўйганида содир бўлган вазиятни кўрсатган. Ўшанда қўшни Тожикистон билан чегаранинг қўшма қисмида можаролар юзага келган эди. Қолаверса, сув муаммоси чегаранинг афғон-эрон қисмида содир бўлган қуролли тўқнашувга ҳам туртки бўлиб хизмат қилганини эслатган.
Жорий йилнинг май ойида Афғонистон ҳар икки мамлакат ҳудудидан оқиб ўтувчи узунлиги 1000 километрдан ортиқ бўлган Ҳилманд дарёсини электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун тўсиб қўйганди.
Бунга жавобан Эрон расмийлари “Толибон” бу иши билан Эроннинг қурғоқчил шарқий ҳудудларига сув оқимини чеклаб, 1973 йилда имзоланган сув тақсимоти келишувини бузганликда айблаганди.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий ўшанда дарҳол вазият ўнгланмаса, бунинг оқибати ёмон бўлишидан “Толибон”ни огоҳлантирди. Лекин “Толибон” бу айбловни рад этган.
Айни шу воқеаларга ишора қиларкан Kginfo.ru ахборот-таҳлилий портали Марказий Осиё мамлакатларида сув ресурсларидан фойдаланишнинг долзарблигини ҳисобга олиб, трансчегаравий дарё ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш бирламчи вазифа эканини айтган.
“XXI асрнинг биринчи ярмида инсоният ўз мавжудлигининг энг катта муаммоси – чучук сув етишмаслигига дуч келади. Агар шундай бўлса, ҳозирги геосиёсий воқеалар сув ресурсларига эга бўлган давлатлар ва улардан фойдаланадиган давлатлар ўртасида доимо юзага келадиган қарама-қаршиликлар билан солиштирганда арзимасдек бўлиб қолади. Ушбу можаронинг олдини олиш учун эса бугун ўз эгоистик амбицияларимиздан воз кечиш ва бу муаммони умумий саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилишни бошлаш керак”, дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Aфғонистонда суғориш каналининг қурилиши билан боғлиқ саволлар ҳали ўз жавобини тўлиқ топгани йўқ. Айрим мутахассисларнинг фикрига кўра, бу суғориш суви танқислигига ва Aмударёнинг бутун канали бўйлаб сув билан боғлиқ вазиятнинг кескин мураккаблашишига олиб келади.
“Нуфузли халқаро ташкилотларнинг эксперт маълумотларига кўра, 2050 йилгача дунёдаги чучук сув ҳажми ва сифати бўйича умидсиз прогнозлар бор. Шу билан бирга, кўплаб давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ҳам сув хавфи ортиб бораётган “қизил зона”да. Шунинг учун иқлим ўзгариши билан бирга иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан қўшни давлатларнинг трансчегаравий дарёлари юқори оқими ҳақидаги сув сиёсатига боғлиқ”, деб ёзган Kginfo.ru.
Қўшимча қилинишича, сув таъминоти муаммосининг жиддийлиги глобал ва минтақавий иқлим ўзгариши, музликлар майдонининг қисқариши, қитъалар ҳудудида нотекис тақсимлангани ва мавсумга қараб ўзгарувчан сув ресурсларининг чекланганлиги билан боғлиқ.
Бунинг олдини олиш учун эса тадқиқотчилар сув ресурсларидан норационал фойдаланиш, ёмон аҳволдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Чу ва Талас, Aмударё ва Сирдарё, Урал ва Иртиш дарёларининг бутун сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, суғориш тизимлари ва юқори даражадаги йўқотишлар бўйича қўшма ҳавза дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур дастурни амалга ошириш ва молиялаштиришга Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва шу каби бошқа халқаро молия институтларининг молиявий ва эксперт салоҳиятидан фойдаланиш ҳам таклиф этилмоқда.
“Сув барчамизни бирлаштирган инсониятнинг энг қимматли умумий манфаати бўлган ва шундай бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам сув таъминоти мавзуси глобал сиёсий кун тартибининг марказида бўлиши ва бутун цивилизациялашган инсоният олдида турган асосий вазифага айланиши керак”, дея хулоса қилган таҳририят.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь