“Толибон” мамлакатда хориж ҳарбийларининг мавжудлигига тоқат қилмайди – Муттақий
Олам
−
21 Июль 2025 5596 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий АҚШ Президентининг Хитойнинг Баграм авиабазасида бўлиши ҳақидаги сўзларини рад этди. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.
Муттақий вазирлик қошидаги Дипломатия институтининг битирув маросимида сўзга чиқиб, Афғонистон мамлакат тупроғида хорижий ҳарбийларнинг бўлишига тоқат қилмаслигини таъкидлади.
“Ислом Амирлиги ва Афғонистон халқи мамлакатнинг бир қарич ерини ҳам хорижий ҳарбийлар мавжудлиги учун қабул қилмайди. Президент Трамп бу хабарни эшитиши керак ва бошқа давлатлар ҳам тушуниши керакки, биз ўзаро алоқада эканмиз, бу фақат сиёсий ва иқтисодий алоқадир. Биз Афғонистонда хорижий ҳарбийлар мавжудлигини ҳатто муҳокама ҳам қилмаймиз”, деган Муттақий.
Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи “Толибон”нинг Россия томонидан тан олинишига ишора қилиб, бошқа давлатларни, айниқса, минтақадаги давлатларни муваққат ҳукуматни расман тан олишга чақирди.
“Биз барча мамлакатларга, айниқса минтақадаги давлатларга эслатиб ўтамизки, ўтган уч йил давомида биз ижобий ҳамкорлик қилдик, тараққиётга эришдик, дипломатик алмашинувлар давом этди ва муносабатларимизда ҳеч қандай хавотирли ҳолатлар учрамади. Шунинг учун ҳамма олдинга қадам қўйиб, бу жараённи давом эттириши керак, шунда бошқаларга ҳам йўл очилади”, деган у.
Муттақий нутқининг яна бир қисмида муваққат ҳукумат мутаносиб ташқи сиёсат олиб бораётганини ва барча давлатлар, жумладан, АҚШ билан яхши алоқаларга интилаётганини билдирди.
“Бизнинг сиёсатимиз мувозанатли. Биз барча давлатлар билан ижобий муносабатларни истаймиз. Ҳатто АҚШ ва Ғарб давлатлари каби ҳали алоқага чиқмаган мамлакатлар билан ҳам ижобий ҳамкорликка интиламиз”, таъкидлайди вазир.
Бундан ташқари, Муттақий Халқаро жиноий суднинг “Толибон” муваққат ҳукумати олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Афғонистон бош судьяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерини қоралади. Унинг таъкидлашича, муваққат ҳукумат ХЖС олдида жавобгар эмас ва унинг қарорлари Афғонистонда ижро этилиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий Қобулда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашганди.
Live
Барчаси