“Толибон” ғоялари Ўзбекистонга ёйилиши мумкинми? Сўз Комиловга
Жамият
−
22 Октябрь 2021
9493Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга “Толибон” ҳаракатининг мафкураси кириб келишидан хавфсираётгани йўқ. Чунки улар ўз ғоясини Марказий Осиё давлатларига ёйиш ниятида эмас. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган Матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Коммерсантъ” нашрининг ёзишича, Афғонистоннинг янги ҳукумати олдида биринчи навбатда давлат қуриш ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниш вазифалари турибди.
“Менимча толиблар олдида турган вазифаларнинг устуворлиги ўз тарғиботини Марказий Осиё давлатларига ёйиш эмас. Биринчи навбатда “Толибон” ҳаракати ўзининг давлатини тузиши, уни оёққа турғизиши ва дунё тан олиши керак. Улар қандайдир мафкурани экспорт қилишни бошлашига жуда кўп вақт керак”, деган Абдулазиз Комилов.
Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Ўзбекистон миллий ғоя ва мафкура масаласида ўз йўналишини танлаган. Аёлларнинг рўмолда юриши бу толиблар мафкураси кириб келди дегани эмас.
“Ўзбекистон миллий манфаатлар, миллий ғоя, мафкура масалаларида шунчалик аниқ йўналишларни танлаганки, бу ерга толибларнинг қандайдир мафкурасини олиб киришнинг умуман иложи йўқ. Баъзида “мана, аёллар рўмолларда юришибди, демак толиблар келади”, деб айтишади. Бу солиштириб бўладиган нарсами? Дунёнинг ярми бу урфга киргани учун рўмолларда юришибди, шундай эмасми? Толибларнинг мафкураси охир оқибат ўз Ватанини хорижий ҳарбийлардан озод қилишдан иборат”, дея қўшимча қилди Комилов.
LiveБарчаси