“Толибон” Афғонистон пойтахтини қандай эгалламоқчи? Ҳаракат расмий баёнот билан чиқди
Олам
−
15 Август 2021
16137Ҳеч кимдан қасос олинмайди. “Толибон” ҳамда ҳукумат ўртасида ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш тўғрисида музокара олиб борилмоқда. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Нажибулло Мужоҳиднинг Twitter саҳифасида эълон қилган баёнотида сўз боради.
Қайд этилишича, ҳаракат айнан Афғонистон халқининг кўмаги билан мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб олган.
“Халқнинг кўмаги билан мамлакатнинг ҳамма жойлари Ислом амирлиги (“Толибон” қурмоқчи бўлаётган давлат) назоратига ўтди. Бироқ, пойтахт Қобул катта ва аҳоли зич жойлашган шаҳар бўлгани учун Ислом амирлигининг мужоҳидлари шаҳарга куч ёки уруш билан эмас, балки тинч йўл билан кирмоқчи”, дейилади хабарда.
Шунингдек, баёнотда ҳукумат ва ҳаракат ўртасида музокаралар олиб борилаётгани айтилган.
“Ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича ҳукумат ва ҳаракат ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Жараён ҳеч кимнинг ҳаёти, мол-мулки ва номусига ҳамда Қобул халқининг ҳаётига зарар етказмасдан, хавфсиз тарзда якунланади”, дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, ҳаракат ўз қўшинларига пойтахт Қобулга куч билан кирмасликни буюрган.
“Ислом амирлиги бутун кучларига шаҳарга кириб келишга уринишдан кўра, Қобул дарвозаси олдида туришни буюрмоқда.
Баёнотга кўра, “Толибон” ҳатто, ҳукуматга ишлаган ҳарбийлардан ҳам қасос олмайди.
“Биз яна айтамизки, Ислом амирлиги ҳеч кимдан қасос олмоқчи эмас, Қобул маъмуриятининг ҳарбий ва фуқаролик секторларида хизмат қилганларнинг ҳаммаси кечирилган ва хавфсиз, ҳеч кимдан қасос олинмайди. Ҳар ким ўз ватанида, ўз жойида ва уйида қолиши керак ҳамда мамлакатни тарк этишга уринманг”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳужжатда ҳаракат Афғонистонда қандай жамият қурмоқчилиги ҳақида ҳам сўз борган.
“Биз ҳар хил тоифадаги афғонларнинг келажакда исломий тизимдаги масъулиятли ҳукумат билан бўлишини хоҳлаймиз”, дея қайд этилган баёнотда.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь