“Толибон” афғон қизларининг ўрта мактабга қайтишига ваъда берди 

Олам

image

Афғон қизлари тез орада ўрта мактабларга қайтади. Бу ҳақда Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Таъкидланишича, мактабларда аёл ўқитувчиларнинг ишлаши ҳам таьминланади. 

Шунингдек, ўтган ҳафта Қобулга ташриф буюрган UNICEF ижрочи директори ўринбосари Умар Абди ҳам “Толибон” ҳаракати тез орада Афғонистондаги қизларнинг ўрта мактабларга келишига рухсат беришни ваъда қилганини айтган. 

Абдининг сўзларига кўра, “Толибон” тайинлаган Таълим вазири уни толиблар барча қизларга олтинчи синфдан кейин ўқишни давом эттиришларига рухсат бериш учун “рамка тамойиллари” устида ишлаётганига ишонтирган. 

“Ҳозир, мен сиз билан гаплашаётганимда, миллионлаб ўрта мактаб ёшидаги қизлар кетма-кет 27 кун таълим олмайди”, деган Абди. 

Абди, шунингдек Афғонистоннинг 34 вилоятининг бештаси — Балх, Жаузжан, Саманган, Қундуз ва Урузғонда аллақачон қизларга ўрта мактабда ўқишга рухсат берилганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида “Толибон” ҳаракати ҳокимияти ўрнатилган Афғонистонда олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланганди. Ҳаракат университетларда талаба қизлар ва йигитлар биргаликда ўқишини тақиқлаганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади. 

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг