Tomahawk ҳам, рухсат ҳам бор. Зеленскийдан Путинга сўнгги огоҳлантириш

Таҳлил

Бундан бир йил олдин Дональд Трамп президентлик пойгасида курашаётган пайтда Зеленскийга яхши бир таъриф берганди. “У мен кўрган энг яхши савдогар”. Трамп бу баҳони Украина раҳбари Россия босқини фонида АҚШга ҳар сафар келганида чўнтагини тўлдириб қайтишига изоҳлаш учун айтганди. Аммо у Оқ уйга қайтганидан кейин баъзи қийинчилик ҳамда тўсиқларга қарамай, Зеленский ўзининг “савдогар” номини оқлади. У ҳатто Байден бера олмаган қўрол ва олдинги АҚШ маъмуриятининг журъати етмаган рухсатни ҳам олишга яқин турибди. Тўғри, ”Tomahawk” ракеталари ва бошқа керакли ҳарбий жиҳозлар энди АҚШ томонидан текинга берилмайди. Аммо шундай бўлса-да, бу қўролни Вашингтондан олиб, у орқали Россияга зарба беришга ҳам бирйўла рухсат олиш ҳам чакана иш эмас. Кўп эҳтимол билан мазкур қанотли ракеталар учун тўловни Европа қилади. Чунки бугун Украина тўлақонли равишда бутун Европани ҳимоя қилаётганини деярли барча бирдек тан олади. Аслида Киев таслим бўлмай келаётгани бугун нафақат қадим қитъани балки, Евроосиёдаги яна бир минтақани ҳам қайсидир маънода ҳимоя қилмоқда.

Трамп Путинни хавф остида қолдирмоқда

Зеленскийнинг БМТ сессиясига ташрифи Россиянинг Украинадаги босқинида катта бурилишларга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки Украина раҳбари Трампни ёпиқ эшиклар ортида жуда муҳим масалага кўндирди. У АҚШ билан 2500 кмгача етиб борадиган ва жуда чуқур зарба беришга қодир бўлган қанотли ракеталар масаласини деярли ҳал қилди. Бунга фақат Зеленскийнинг устамонлиги сабаб бўлмади. Трамп Путиндан 9 ойдан буён ижобий жавоб кутиб чарчади. Кўп нарсани ўзгартириши кутилган Аляскадаги дабдабали саммитдан ҳам ҳеч қандай наф чиқмади. Европа лидерлари Оқ уйга ташриф буюрганида Трамп улар билан музокарани тўхтатиб, Путинга қўнғироқ қилгач, у учрашувга тайёр эканини эълон қилганидан кейин ҳам ҳеч нима ўзгармади. Путин барчани саъй-ҳаракатларини бир пул қилди. Бу орада Трампнинг Хитой ва Ҳиндистонга Россиядан нефть сотиб олишини чекловчи санкциялар жорий қилиш ҳаракатлари ҳам ўз аҳамиятини йўқотди.

Шундай экан, АҚШ энди Украинанинг ўзи билан Путинни музокара столига ўтказиши мумкин. Вашингтон ҳолдан тоймоқда. Унга Яқин Шарқдаги жазманини қўллаш жуда қимматга тушяпти. Шу боис, энди АҚШ учун Украинадаги босқинини тўхтатиш манфаатли бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Оқ уй бунинг учун Москвани, хусусан,Кремлни тутун ичида қолдирадиган ракетани ундан уч ярим йилдан буён жабрланиб келаётган Украинага топширишга тайёр. Бу Қўшма Штатлар сиёсий доираларида кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, 28 сентябрь куни АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс “Fox News” телеканалига берген интервьюсида Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар масаласи савол остида қолаётган бир пайтда Вашингтон Киевни Tomahawk ракеталари билан таъминлаш масаласини кўриб чиқаётганини тасдиқлади.

“Москва АҚШ Президенти Дональд Трамп воситачилигидаги икки ва уч томонлама тинчлик музокараларини рад этишда давом этар экан, Қўшма Штатлар Киевга Tomahawk ракеталарини етказиб беришни кўриб чиқмоқда. Сиз Tomahawk ҳақида сўрадингиз. Бу борада Президент Америка Қўшма Штатлари манфаатларига мос келадиган якуний қарорни қабул қилади. Мен ҳозир ушбу масалада музокаралар олиб бораётганимизни биламан”, дейди вице-президент.

Ушбу қарорлар Оқ уйда Россиянинг Украинага босқинини тугатишга қаратилган тўғридан тўғри музокаралар бўйича позициясига нисбатан сабрсизлик кучайиб бораётган бир пайтда қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, Вэнс Путин нафқат Зеленский билан, балки Трамп иштирокида ҳам музокаралар олиб боришга тайёр эмаслигини айтди.

“Охирги бир неча ҳафта ичида биз россияликлар украиналиклар билан икки томонлама учрашув ўтказишдан бош тортганини кўрдик. Улар Президент ёки маъмуриятнинг бошқа аъзоси россияликлар ва украиналиклар билан учрашиши мумкин бўлган ҳар қандай уч томонлама учрашувларни рад этди”, дейди Вэнс.


Рухсат ҳам бор

Бу масалада қўролни бериш бошқа, ундан фойдаланишга рухсат бериш эса яна бир алоҳида масала эканини ҳам унутмаслик лозим.

Ўтган йиллар мобайнида АҚШ ва Украинанинг бошқа ҳамкорлари расмий Киевни ҳарбий ёрдам билан таъминлашга таъминлади-ю, аммо унга Россия ҳудудига зарба беришга рухсат бермади. Бу мазлумга золимдан ҳимояланиш учун таёқ бериш, аммо у билан уришни тақиқлашдан бошқа ҳеч нарса эмасди. Албатта бунга ўзича хос сабаблар бор эди. Масалан, Кремль Украина томонидан Россияга зарба беришда фойдаланиладиган қўроллар қаерники бўлса, ўша нуқталар Россия учун қонуний нишон бўлиши ҳақида тинимсиз огоҳлантириб келди.

Аммо Ғарбдаги бу қўрқув 2024 йилнинг ёзига қадар сақланиб қолди холос. Ўтган йилнинг иккинчи қисмида Россиянинг бу дўқ-пўписалари ўз кучини йўқотди. Давлатлар бирин-кетин ўз қўролларидан Россияга зарба беришга қўйган чекловларни олиб ташлашга киришди. Аммо Россияга чуқур зарба беришга қодир бўлган нормал қўрол бормиди? Йўқ. Киевга бундай қўрол ҳалигача етказиб берилмаган. Нафақат ўзини, ўзига қўшиб бутун Европани тиш-тирноғи билан ҳимоя қилаётган Украинага узоғи билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етказиб берилди. Бир нечта F16 қирувчи самолётларини айтмаганда, қарши ҳужумга ўтиш учун Киев ортида турган ҳамкорларидан ҳеч вақо олмади. Хуллас қўрол бўлса рухсат йўқ, рухсат бўлса қўрол йўқ. Украина анча вақт шундай қийн аҳволда қолди.

Лекин бугун АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинга Россия ҳудудига узоқ масофали зарбалар бериш учун рухсат берди. Буни унинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогг “Fox News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Келлоггдан Украина кучларининг Россияга бундай зарбалар бериш мумкинлиги ҳақида Президентнинг позицияси қандай экани бўйича савол берилганда, у Трамп бунга қаршилик қилмаслигини таъкидлади. Бугунгача, фақат Келлогг ва Вэнсдан шундай баёнотлар чиққани йўқ. Уларга қўшимча тарзда, айни пайтда АҚШдаги иккинчи шахс бўлиб олган Давлат котиби Марко Рубионинг баёноти ҳам Оқ уй Россияга чуқур зарба берилишига қарши эмаслигига ишора қиляпти. Келлоггнинг эслатишича, Украина Президенти Владимир Зеленский Трамп билан учрашув чоғида Киевга Tomahawk ракеталарини (2500 км масофагача учади) ўтказишни сўраган. Махсус вакилнинг сўзларига кўра, ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмаган. Вэнс аввалроқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтагарди.

Россия нима дейди?

Албатта, бундай катта ўзгаришга Кремль ва унда 25 йилдан буён ўтирган шахснинг муносабати қизиқ. Россия Президенти Владимир Путин Москвaгача етиб борадиган қанотли ракеталар масаласига алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, Украинанинг Россияга узоқ масофали қуроллар билан зарба йўллашга уринишлари “НАТО давлатлари у билан урушаётганини” билдиради. Кремль зарба беришдаги чекловларни бекор қилишни можарони ҳал қилиш ҳаракатларига зид келадиган “жуда хавфли” қарор деб атайди. 

Бундан ташқари, беларусьлик Лукашенко ҳам воқеалар марказидан ўрин олган. У Зеленский билан гаплашмоқчи. Бироқ Украина етакчиси Беларусь фуқаросини хушламаслигини очиқлади. У сўнгги воқеалар фонида Путин ва Лукашенкони “паст овозда гапирадиган қариялар” деб атайди. Киев етакчисидан Лукашенконнинг Путин томонидан таклиф қилинган ва Зеленский учун ҳам фойдали бўлган таклиф ҳақидаги баёнотига муносабат билдириш сўралди. У эса қоғозга ўраб: “Қария Лукашенко бу ишга аралашмаслиги керак” деган месеж юборди. Шунингдек, Зеленский охирги йилларда Россия ва Путиннинг “пинжига”кириб кетган Лукашенкога унинг мамлакати мустақил давлат эканини ҳам алоҳида эслатди.

“Лукашенконнинг сўзларига муносабат билдиришим қийин. Ростини айтсам, у ўз дунёсида яшайди. У шу дунёнини ўзи қуриб олган, у ерда аллақачон 30 йилдан бери яшаяпти. Мен фақат шуни хоҳлардимки, у мамлакати мустақил эканини ёдда тутсин. У ўз дунёсинида яшайди, лекин баъзида Путин ҳам ўша дунёда яшаб туради. Улар нимадирлар ҳақида секин, паст овозда гаплашади – худди қариялар каби. Шу боис, бу гапларга изоҳ бериш қийин”, деган Зеленский.

Шундай қилиб, Москвани нишонга оладиган ракеталар Украинага етиб келиши бугун ҳар қачонгидек яқин. Аммо Россиянинг ҳали-ҳануз тўхташ нияти йўқ.

Ҳатто ўша ракеталар ҳақида гап-сўзлар авжига чиққан маҳал ҳам Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига даҳшатли ҳаво ҳужумлари уюштирилди, тинч аҳоли ҳалок бўлди, инфратузилмалар вайрон қилинди. Бундай ҳаракатлар оқибатида Россия фақат куч тилини тушунади, деган ҳақиқатга бугун деярли ҳеч кимда шубҳа қолмади. Шу боис, Украинага Путин яширинган Кремлни нишонга олишга қурби етадиган ракета зарур. Бунга оз қолди. Зеленский айтганидек, Кремлдагилар ўзларига яқин “бомбапаноҳларни” яхши билиши зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг