ТИВ: Томскда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахслари аниқланмоқда
Олам
−
21 Январь 2020
6158Аввалроқ, Томск шаҳрида рўй берган ёнғин оқибатида бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса бўйича қўшимча маълумот тақдим этди.
Мамлакатнинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 21 январга ўтар кечаси Томск области, Асиновский тумани, Причулимский посёлкаси, Свобода кўчаси, 1/3 уй манзилида жойлашган бир қаватли ёғочдан ясалган қурилиш биноси ёниб кетган.
Маълумотларга кўра, ёғочни қайта ишлаш корхонаси ишчилари яшаган ушбу бинода 10 кишининг жасади топилган. Таъкидланишича, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари.
ТИВ хабарида айтилишича, ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланмоқда. Икки жабрланган ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар енгил жароҳат олган ва тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин қўйиб юборилган.
“Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди”, дейилади хабарда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ва Россиянинг Сибир федерал округи ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Новосибирск шаҳридаги мамлакат бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: + 7 (383) 246-04-85; + 7 (383) 246-04-63, + 7 (383) 246-04-64; + 7 (383) 246-04-84.
Сарвар Анвар ўғли