Тишлари ўтмади. “UzAuto Motors" яна судда ғолиб бўлди
Жамият
−
18 Декабрь 2020
27165Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “UzAuto Motors” компанияси ўртасида суд жараёнлари давом этмоқда. Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг иш юритувида аризачи – “UzAuto Motors” акциядорлик жамиятининг жавобгар – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича жорий йилнинг 19 августидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш юзасидан суднинг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар томонидан келтирилган апелляция шикояти жорий йилнинг 18 декабрь куни мазмунан кўриб чиқилган. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу суд мажлисида жавобгар вакиллари томонидан апелляция шикоятига қўшимча тақдим этилиб, тарафлар ўртасида муҳокама қилиниб иш юритувига қабул қилинган. “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти вакилларининг жавобгар томонидан келтирилган апелляция шикояти юзасидан эътирозлари тингланган.
Апелляция судлов ҳайъати тарафларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикрини эшитиб, ишни кўриш натижаси бўйича қарор қабул қилган.
Қарорга кўра, биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилувчи қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Шунингдек, судлов ҳайъати ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖ ва истеъмолчиларни учинчи шахс сифатида жалб этиш тўғрисидаги илтимосномани рад этилганини эълон қилган.
Суднинг қарори эълон қилинганидан сўнг, тарафларга нима сабабдан судлов ҳайъати ушбу хулосага келганлиги ва қарорга нисбатан шикоят бериш муддати ва тартиби тўғрисида тушунтириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ой муқаддам Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors” АЖ “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузаётганлиги юзасидан иш қўзғатган эди. Шундан сўнг, махсус комиссия компания автомобиллар нархларини асоссиз оширганини тасдиқлади.
Шундан сўнг, компания махсус комиссия қарори устидан судга шикоят қилди. Судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ютқазди. Кейинроқ эса ташкилот суд қарори устида апелляция шикояти киритганди.
LiveБарчаси