“Tinkoff Bank” асосчиси Россияда “хорижий агент” деб эълон қилинди
Олам
−
17 Февраль
4131Россия Адлия вазирлиги “хорижий агентлар” реестрига яна беш кишини киритди. Улар орасида тадбиркор Олег Тиньков ҳам бор. Бу ҳақда вазирлик тегишли баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, хорижий агент мақоми Чеченистоннинг “Ichkeria” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Аслан Арцуев, театр ва кино актёри Никита Кукушкин, адабиётшунос ва музей куратори Анна Наринская, файласуф ва Россия Фанлар академиясининг аъзоси Юлия Синеокая ва тадбиркор Олег Тиньковга берилди.
Адлия вазирлиги хорижий агент мақомини олганларнинг барчаси Украинадаги урушга қарши чиққанини билдирган.
Шунингдек, Арцуев Россиянинг салбий имиджини яратишга қаратилган ёлғон маълумотларни тарқатганликда, қолган 4 киши эса давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва олиб борилаётган сиёсат тўғрисида ёлғон маълумот тарқатганликда айбланган.
Таъкидланишича, барча янги "хорижий агентлар" Россия Федерациясидан ташқарида яшайди.
Маълумот ўрнида, Россияда "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилган.
Олег Тиньков “Tinkoff Bank” асосчиси ҳисобланади. 2020 йилда у банк бош директори лавозимини тарк этди, уруш бошланганидан кейин у Россиядаги барча активларини, шу жумладан банкни ҳам сотди.
LiveБарчаси