Тимати Тошкентда суратга тушгани сабабли “қочқинлик”да айбланди

Маданият-санъат

image

Россиялик таниқли рэпер Тимати Тошкентда тушган суратини ўз саҳифасига жойлаштириши ортидан рус жамоатчилиги уни “қочқинлик”да айблади. Тимати эса бу айбловларни рад этди.

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг, мамлакатни кўплаб фуқаролар тарк эта бошлади.

24 сентябрь куни ушбу воқеалар фонида Тимати Ўзбекистонда тушган суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирди. Қолаверса, бир қанча ўзбекистонликларнинг саҳифаларида Тимати билан тушган суратлари пайдо бўлгани оқибатида хонанданинг мухлислари, россиялик интернет фойдаланувчилари ва ОАВ ходимлари “Тимати Ўзбекистонга қочиб кетди”, “Тимати урушдан қўрқди”, “у армияда хизмат қилишдан бош тортди”, деган хулосаларга келган.

Кеча, 26 сентябрь куни Тимати жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш мақсадида юқоридаги айбловларга ўз саҳифалари орқали муносабат билдирди. У аввалига ўзини Москвада экани ва ҳали армияга чақирув хатини олмаганини айтган.

“Мен Москвада, ўз уйимдаман. Қаергадир кетмоқчи эмасман, менинг жойим шу ерда. Чақирув қоғозини эса ҳали олмадим, бу дегани менга чақирув хати келмайди дегани эмас. “Осмонни ёпиш” ва “ҳарбий ҳолат” ҳақидаги хабарлар мени ваҳимага солмайди. Мен бу ҳолатни тўғри қабул қилганман ва шу ерда яшаяпман. Ҳозир вақт борлигида эса ишлаб, мамлакатдаги лойиҳаларимни ривожлантиряпман. Ҳозирги ҳолатда сифатли рус товарларига бўлган талаб фақат ўсади. Ишлашда давом этамиз”, дейди у.

Шунингдек, Тимати сафарбарлик мавзусига ҳам тўхталиб, ёрдами керак бўлса у тайёр эканлигини айтган.

“Сафарбарлик мавзусига келсак, кўпчилик мени жанг майдонларидаги хандақларда кўришни хоҳлаётгани, ватанпарвар бўлсам буни исботлашим кераклиги ҳақида ёзишяпти. Мен бу изоҳларга қисман қўшиламан. Ватан олдидаги қарз эртами-кечми қайтарилиши керак. Такрорлайман, агар менинг мутахассислигим бўйича ёрдамим керак бўлса, мен тайёрман”, деган Тимати

Тиматининг юқоридаги сўзларига қарамасдан фойдаланувчилардан бири Тиматидан “Ўзбекистон қачондан буён сенинг ватанинг бўлиб қолди?” деган илмоқли савол ёзиб қолдирган. Хонанда бунга жавобан Тошкентга келишининг сабаби тўй эканини айтган.

“Ўзбекистон ҳар доим, ҳамма вақт менга яқин бўлган. Мен у ерга фақат бир кунга, тўйга бордим”, деган у.

Маълумот ўрнида, Тиматининг асл исми Тимур Юнусов бўлиб, у 1983 йилнинг 15 август куни Россиянинг Москва шаҳрида туғилган. Миллати татар. У танасидаги татуировкалар кўплиги сабабли руҳан носоғлом деб топилган ва ҳарбий хизмат ўташ учун тиббий комиссиядан ўтолмаган. Хонанда ўзининг ижодий фаолиятини 1998 йилдан бошлаган. 2006 йилда “Black Star” гуруҳига асос солиб, 2020 йилда ушбу гуруҳни тарк этди. Ҳозирда яккахон ижод ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқда. Тимати томонидан ижро этилган “Баклажан”, “Лондон”, “Дерзкая”, “Понты” ва “Ключи от рая” каби тароналари Ўзбекистонда ҳам машҳур.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

641

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг