Тил ортидан келаётган миллионлар
Интервью
−
21 Декабрь 2022
16216Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар расман 860 минг нафар ва уларнинг 150 мингдан ортиғини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, дунёда 1,3 миллиард киши ногиронлик рўйхатида туради. Янада аниқроқ айтганда дунё аҳолисининг ҳар олтисидан бири ногиронликдан азият чекади.
Биз бугун ногиронлиги бўлса-да меҳнат ва унинг ортидан келаётган даромадда, қалбидаги шукроналикда тўрт мучали соғлом одамларга ўрнак бўлаётган орамиздаги одамлардан бири ҳақида сўзламоқчимиз.
Бахтни қимматбаҳо уй ва катта миқдордаги пулларда кўрмайдиган пскентлик Дилмурод Жабборов ўз ҳонадонини маиший техника таъмирлаш устахонасига айлантирган. 39 ёшли қаҳрамонимиз 1-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, рўзғорни тебратяпти. Ҳайратланарлиси, у қўллари билан эмас, тили ва тишлари билан маиший техникалар – телефон ва телевизорларни таъмирлайди. Имконсизликдан имкон топаётган матонат эгаси кимнингдир қўлига қарам бўлишни хоҳламайди. Қўл-оёқларсиз ҳам ҳаракат қилиб, натижага эришишни мақсад қилган. Тўғри, аввалига уй шароитида бу ишни бошлаш осон бўлгани йўқ.
“Биласизми, бу ишни бошлашдан олдин менда ҳеч қандай қўрқув бўлмаган, техникага қизиқишим устунлик килди. Хоҳиш-истакларимга, ҳаттоки қўл-оёқларимдаги нуқсон ҳам тўсиқ бўла олмади. Бошида отам хавотир олган, чунки электр билан ёнма-ён ишлаш барибир хавфли, бироқ уларни ҳам аста кўндирдим”, дейди қаҳрамонимиз.
Бармоқларсиз таъмирланаётган техникалар баъзида оғирлик қилади. Бироқ қаҳрамонимиз хавфли буюмларни тишлашдан тўхтамоқчи эмас.
“Ишимни деб бир дона тишимдан айрилдим, шифокорлар тўхтатинг дейишди. Мен кўнмадим. Касбим оркали топаётган даромад билан онамга, яқинларимга ёрдам беришим керак”, дейди Дилмурод ака.
Тўкилган пешона терининг баҳоси эса ойига 2 миллион сўмдан кам эмас экан. Кўпроқ ишласа 3 млнга ҳам боради. “Ҳар ҳолда оз бўлса ҳам баракаси бор”, дейди қаҳрамонимиз.
Харидорлар ҳам бегона эмас. Кўни қўшнилари, умуман маҳалла аҳли унинг доимий мижози.
“Мен учун асосийси пул эмас, сифатли хизмат кўрсатиш”, деб кулиб қуйди у.
Дилмурод ака шогирдларига касб сирларини ўргатиб, ўзидан ташқари яна 3 шогирдининг қора қозони қайнашига сабабчи бўляпти. Шогирдлари ҳам маиший техникаларни таъмирлаб, ойига 1 миллион сўмдан кўп даромад топмокда.
Кун давомида тишлар қорайсада, кўнгилда заррача ғубор йўқ, у турмушидан мамнун.
“Қийин бўлса ҳам ўрнимдан силжий олганим , тишларимда бўлса ҳам пул топаётганим учун Аллоҳга минг шукр”, дейди қаҳрамонимиз.
Уйига доим мижозларни келишига кўниккан қаҳрамонимизнинг уйига ёлғиз бормадик. Ўзимиз билан туман ҳокимлиги мутассадиларини ҳамроҳ қилдик. Дилмурод ака улардан янги устахона қуриб беришларини сўради. Пскент туман ҳокими ўринбосари Сарвар Ҳамдамовнинг айтишича, бу қийин масала эмас. У бир вақтнинг ўзида ҳам устахона, ҳам яшаш учун уй қуриб беришни ваъда килди. Белгиланган муддат эса 2023 йилнинг 20 апрель санаси.
Синовларда синмаган матонат эгасининг тез орада янги уй ва иш жойли бўлиши, шогирдларининг кўпайишига сабаб бўлади. Масъуллар ваъдаси амалга ошиб, келаси сафар келганимизда уни янги манзилда ва ўзи хоҳлагандек 4 оёқли аравада кўришни ният килдик.
Ушбу хонадонда меҳмон бўлиб, қаҳрамонимизнинг маиший техникаларни қўл-оёқсиз тишлари ва тиллари билан таъмирлаётганини кўриб, кўпчилигимизнинг қўл-оёғимиз бошқаларнинг оғирини енгил қилиш тугул ўзимизга ҳам хизмат қилишга малол келаётганида, тилимиз билан эса одамлар қалбини вайрон қилаётганимизда, орамиздаги Дилмурод ака эса тили ва тишини хайрли ишга, меҳнатга, пул топишга сарфлаётганидан хурсанд бўлганча ортимизга қайтдик.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь