Тиббиёт ходимлари фарзандларига контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади
Жамият
−
27 июл 2897 2 дақиқа
15 йил ишлаган тиббиёт ходимларининг фарзандлари учун контракт тўловининг 30 фоизигача қоплаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган бўлиб, ҳужжат Президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги 336-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган, амалда фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари республика олий таълим ташкилотларида бакалавриат йўналишида ўқиши учун тўлов-контракт суммасининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Субсидия йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида ажратилади. Бироқ тўланадиган маблағ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги керак.
Бунда, масалан, йиллик контракт суммаси 20 млн сўм бўлса, унинг 30 фоизи яъни 6 млн сўм қопланади. Юқори контракт суммаларида эса субсидия белгиланган максимал миқдор билан чекланади.
Имтиёздан фойдаланиш учун ота-она давлат тиббиёт муассасасида ишлаётган бўлиши ва камида 15 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.
Аризаларни кўриб чиқиш жараёни электрон шаклда амалга оширилади. Ходимнинг иш жойи ва стажи, фарзанд билан қариндошлик ҳамда талабанинг олий таълимдаги ҳолати тегишли ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади.
Шунингдек, қарор билан давлат тиббиёт муассасаларида ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун айрим давлат хизматлари бўйича 50 фоизлик чегирмалар ҳам жорий қилинмоқда.
Мазкур имтиёзлар кадастр, электрон рақамли имзо, айрим сертификатлар, апостиль, маълумотномалар олиш ҳамда олий таълимга қабул билан боғлиқ хизматларга татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 октябрдаги қарори билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш, жумладан, 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг контракт тўловларини қоплаш бўйича қатор имтиёзлар белгиланган эди.
Live
Барчаси