Тезкор: Навоийдаги колониядан эркак кишининг ўлиги чиққани айтилмоқда. ИИВ муносабат билдирди

Жамият

image

Бугун, 1 июль куни ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг дилини хира қилувчи видео тарқалди. Унда эркак кишининг ўлик ҳолатдаги жасади тасвирланган. Видеода жонсиз ҳолатда ётган кишининг танаси моматалоқ бўлиб кетгани ва жуда озиб кетганини кўриш мумкин. Ушбу видео остига эса қуйидаги изоҳ ёзиб қолдирилган.

“27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)дан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Баҳор маҳалласида истиқомат қилган, Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фарруҳ Хидировнинг ўлиги чиқди”. 

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги билан боғланди. 

ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасининг маълумотига кўра видеотасвирда акс этган мурда 1975 йилда туғилган фуқаро Фаррух Анварович Хидировга тегишли. 

Маҳкум Хидиров Фаррух Хидиров 1975 йилнинг 27 ноябрида Янгийўл шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Маълумоти ўрта. Оиласиз, вақтинча ишсиз, муқаддам 4 маротаба судланган. Қамалгунга қадар: Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Баҳор МФЙ, Наврўз кўчаси, 2-уйда истиқомат қилган.

2018 йилнинг 18 октябрь куни Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми,  164-моддаси 2-қисми “а” банди билан 11 йил муддатга  озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хафли рецидивист деб топилган.

Жорий йилнинг 5 июндан буён бир қатор ички касалликлари туфайли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган 23-сонли касалхонада даволаниб келган. 

Даволанишига қарамасдан 2020 йил 18 июнь куни соат 05:45ларда, касалхонанинг терапия бўлинмасида “Ўпка сили IV клиник босқичи, лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайиши, диарея" ташхисига кўра вафот этган. 

Мурда прокуратура органлари томонидан текширилган, тан жароҳатлари аниқланмаган, ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.

ИИВдан қайд этишларича, видеотасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ.

Маҳкум Фаррух Хидиров касаллик ташхиси бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ССВнинг ҳамкорликдаги 2008 йил 13 август кунидаги 1854-сонли Қарорида кўрсатилган касалликлар рўйхатига тўғри келганлиги сабабли суд муддатини кутаётган бўлган. 

Ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ва май ойида Андижон шаҳар ИИБда ўтказилган терговлардаги қийноқлар сабаб икки фуқаро вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ўтказган видеселектор йиғилишида ушбу ҳолатни қаттиқ танқидга олди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2240

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг