Расман: Коронавирус Ўзбекистонга ҳам кириб келди
Жамият
−
15 Март 2020
67148Дунёнинг 160 га яқин давлатига кириб борган коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади
Бугун, 15 март куни соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.
Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонга 14 март куни халқаро аэропортлар орқали 38 та рейсда – 4 800 нафар, темир йўллар орқали – 1 860 нафар, қолган чегара-божхона постларидан 38 минг нафар фуқаролар кириб келди, барча йўловчилар СКПларда термометрия ҳамда бирламчи тиббий текширувдан ўтказилди.
Эпидемик вазият нохуш бўлган давлатларда бўлиб қайтган 7 781 нафар фуқаролар уй шароитида тиббий кузатувга олинган. Улардан 5,6 минг нафарида касалликни яширин даври якунлангани учун тиббий кузатувдан олинган. Бугунги кунда 2 100 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
Маълумот учун, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.
LiveБарчаси