Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш тартиби ўзгармоқда
Жамият
−
29 Август 2022
12874Ўзбекистонда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва валюта намуналарини экспресс аниқлаш жараёнида техник воситаларидан фойдаланиш тартиби белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган “Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва валюта намуналарини экспресс аниқлаш жараёнида техник воситаларидан фойдаланиш тартибларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасида айтилган.
Қарор лойиҳаси аввалида қайд этилишича, сўнгги вақтларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари ҳамда валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ криминоген вазият ўзгача тус олиб бормоқда.
Хусусан, турли кўринишдаги гиёҳванд моддаларнинг янги турлари кўпайиб бораётгани, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва қалбаки валютанинг тарқатиш йўллари ҳам янги-янги усуллар билан амалга ошириб борилаётганлиги мазкур таҳдидга қарши курашишда ўзгача ёндашувлар қўллашни талаб этиб бормоқда.
Президентнинг 2022 йил 25 июлдаги қарорига асосан тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва валюта намуналарини экспресс аниқлаш жараёнида техник воситаларидан фойдаланиш тартибини жорий этиш ҳамда экспресс аниқловчи замонавий техник воситаларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан харид қилиш бўйича вазифалар белгиланган.
Қарор билан Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни экспресс аниқлаш жараёнида техник воситаларидан фойдаланиш тартиби ва Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда валюта намуналарини экспресс аниқлаш жараёнида техник воситаларидан фойдаланиш тартиби тасдиқланади.
Унга мувофиқ 2023 йил 1 июлдан бошлаб, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошираётган тезкор ходим:
• гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситаси ёки психотроп моддасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;
• аниқланган модда (буюм)ни гиёҳванд воситаси ёки психотроп моддасининг қайси турига мансублиги бўйича иккиланганида;
• гиёҳванд воситаси ёки психотроп моддасининг янги турлари (аналоглари)ни учратганида;
• тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;
• тезкор тадбирлар давомийлигини таъминлаш учун зарурат юзага келганда тезкорликни амалга ошириш ҳамда вақтини тежаш мақсадида, улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар биносида, холислар иштирокида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини экспресс аниқлаш техник воситаси ёрдамида текширади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда валюта намуналарини экспресс аниқловчи замонавий техник воситаларнинг заруратга кўра хариди билан боғлиқ сарф-харажатлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
LiveБарчаси