Террор таҳдиди ҳақидаги маълумотларимиз аниқ, ўз вақтида ва ишончли эди – АҚШ элчиси 

Олам

image
Қонли оқшом: Москвадаги теракт Кремль сценарийсими? north_east

Қонли оқшом: Москвадаги теракт Кремль сценарийсими?

АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси Вашингтон Москва билан террор таҳдиди ҳақидаги разведка маълумотларини ўртоқлашгани билан боғлиқ расмий баёнот берди. Америка элчиси роппа-роса бир ҳафта аввал “Крокус Сити Ҳолл”да юз берган фожиа муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдирди.

“Мен шуни айтмоқчиманки, Қўшма Штатлар терроризмнинг барча кўринишларини сўзсиз қоралайди. 11 сентябрдаги терактлардан сўнг АҚШ билан биринчи бўлиб Россия алоқага чиққанини эслаймиз. Мамлакатимизнинг терроризмга қарши кураш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, бизда тинч аҳолига хавф туғилганда маълумот алмашиш имконини берувчи узоқ йиллик “огоҳлантириш масъулияти” сиёсати мавжуд. Ва нафақат иттифоқчилар билан, балки бизда чуқур келишмовчиликлар бўлиши мумкин бўлган давлатлар, жумладан, Россия билан ҳам”, дея эслайди Лин Трейси.

Америкалик дипломатнинг айтишича, бир қанча россиялик амалдорлар АҚШ ҳукумати шу ой бошида Россия хавфсизлик хизматларига ИШИД таҳдидлари бўйича тақдим этган маълумотларнинг фойдалилигини бузиб кўрсатган ва очиқчасига рад этган. 

“Фактлар шундан иборатки, Россия расмийларига тақдим этилган ёзма маълумотлар аниқ, ўз вақтида ва ишончли эди. ИШИД ўтган ҳафта “Крокус Сити Ҳолл”га уюштирилган даҳшатли ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. ИШИД бутун дунё бўйлаб разведка идораларига 2022 йилда Россиянинг Қобулдаги элчихонаси портлашлари каби ваҳшиёна ва зўравонлик ҳаракатлари, жумладан россияликларга қарши олдинги ҳужумлар тарихига эга террорчи ташкилот сифатида яхши танилган”, дейди элчи Трейси.

АҚШ элчисининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "кўп йиллар давомида Россия ҳукумати билан таҳдид маълумотларини баҳам кўрган" ва буни давом эттиради, шунингдек, Россия ҳукуматининг “Крокус Сити Ҳолл”даги терактни тергов қилишда ёрдам сўраган мурожаатларига жавоб беради.

“Ҳеч нарса ўтган ҳафтадаги воқеаларнинг фожиали моҳиятини ўзгартира олмайди ёки вафот этганларни қайтармайди. Ва биз чин дилдан умид қиламизки, рус халқи кейинги бир неча кун ва ҳафталар ичида ўз ҳаётини давом эттириш учун кучга эга бўлиб, тинчлик топиб, ўзини тиклайди”, дейди АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 7 март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги эҳтимолий терактлардан огоҳлантирган эди. 22 март куни Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” мажмуасида содир этилган теракт оқибатида камида 140 нафар одам ҳалок бўлди, 360 дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олди. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби Америка Қўшма Штатлари Россияга бу мамлакатдаги террор таҳдиди ҳақида олдиндан ёзма огоҳлантириш юборганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия теракт Лин Трейси Крокус Сити Ҳолл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг