Термиздаги ёнғин қаердан чиқди? Расмий ахборот берилди
Жамият
−
08 Февраль 2023
14129Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида осмонни қора булут қоплагани, шаҳарда йирик ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар ва суратлар тарқалди. Ушбу ҳолатга нисбатан Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан расмий баёнот берилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасидаги нейтрал ҳудудда жойлашган Амударё ичкарисидаги кичик оролчаларда пайдо бўлган қамишзорларда турли касалликлар ташувчиси ҳисобланган зараркунанда ҳашоротлар кўпайиши ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун режали тартибда ёқиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбир мутасадди идоралар рухсати ҳамда масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилиб, оролчалардаги ёнғин ҳаракатлари ва кўлами тўлиқ назоратга олинган.
“Ушбу тадбир ёввойи қамишзорларда белгиланган режага мувофиқ олиб борилаётганини маълум қилиб, фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарувчи ёлғон ахборотларни тарқатмасликни сўраймиз”, дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабарида.
LiveБарчаси