Термиз ҳокими ИИБ бошлиғига тадбиркорни 15 суткага қамашни буюрдими?
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
9217Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ҳокими Ўктам Тўраев йиғилиш пайтида шаҳар ИИБ бошлиғига оғзаки топшириқ бериб, тадбиркорни қаматишга урингани тўғрисида аудиохабар тарқалди.
Унда ҳокимнинг "Буни 15 суткага тиқасан ва жаримага тортасан. Кими келса ҳам чиқармайсан", деган буйруғидан сўнг, тадбиркор уч соатдан ортиқ ИИБ биносида ушлаб турилгани айтилган.
Термиз шаҳар ҳокимлиги ушбу ҳолатга муносабат билдириб, тадбиркорга нисбатан фақат жарима чораси қўлланилганини маълум қилди.
Унга кўра, Термиз шаҳри аҳолиси чиқиндихонадаги чиқиндилар вақтида олиб кетилмаётгани ҳақида шикоят қилган. Ушбу ишларга бевосита масъул ҳисобланган “Био техно эко” МЧЖ томонидан чиқиндихонадаги чиқиндиларни олиб кетиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, ўзига юклатилган вазифаларни мунтазам равишда бажармасдан келаётгани ва шаҳарни ободонлаштириш қоидаларини бузгани сабабли ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган.
Ҳолат ИИБ томонидан батафсил ўрганилган ва “Био техно эко” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Шерназаровга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддасига (шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) асосан, БҲМнинг 1 баравари, яъни 330 минг сўм миқдорида жарима қўллаш бўйича баённома тузилган.
"Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда кузатувчиларидан шаҳар ҳокимлиги тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилган ҳолда тасдиқланмаган ва асосланмаган маълумотларга ишонмасликни ва тарқатмасликни сўраймиз, дейилади ушбу муносабатда.
LiveБарчаси