“Ты теперь пацан, а кругом враги”. Асфальтдаги қон!
Таҳлил
−
22 Декабрь 2023
11618“Слово пацана”. Сиз бу номни ёки ушбу фильмга ишланган саундтрекни бир марта бўлса ҳам эшитгансиз. Лекин нима учун фильм бу қадар оммалашди? Нега Татаристон фильмни мамлакатда суратга олишга рухсат бермади? Нима учун Қозоғистон унинг намойишларини чекламоқчи. Фильм чиндан ҳам қўшиқ сўзларида айтилганидек, севги ҳақидами? Ҳозир фильмнинг тарихи ва реал воқеалар билан алоқадорлигини кўриб чиқамиз.
Россиянинг "Аигел" дуэти томонидан куйланган ва сериалда бир эмас бир неча бор ижро этилган "Пяла" треки Shazam мусиқа платформасида, шунингдек, Россия ва МДҲ топларида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Қўшиқ аслида 2020 йилда чиқарилган бўлса-да, ушбу фильмга қадар бундай машҳурликка эришмаганди.
Сериал шунчалик оммалашдики, тармоқлардаги ҳар 3-4 та видеодан бирида ушбу қўшиқ янграяпти. Одамлар унинг қаҳрамонларига тақлид қилишни бошлади.
Жора Крыжовников режиссёрлигидаги ушбу фильмга жуда кўп вақт сарфланган. Сценарий устида 2 йил ишланган, кастинг эса қарийб бир йил давом этган. Суратга олиш жараёнлари учун эса тахминан 7 ой вақт керак бўлган. Суратга олиш гуруҳида 300 нафар аъзо, 150 нафар актёр ва 500 га яқин эпизод актёрлари ишлаган. Сериал учун умумий ҳисобда 100 миллион рубль яъни 1 миллион 106 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган.
Фильм реал воқеаларга асосланган. У 1980 йиллардаги Татаристон аҳолисининг нотинч ҳаётини акс эттиради. Бу йилларда Қозонда асосан ўсмирлардан ташкил топган босқинчи гуруҳлар пайдо бўла бошлайди. Оммавий жанжаллар, ўғирликлар ва ҳатто қотилликлар одамларни комендантлик соатига риоя қилишга мажбур қилади. Аёллар ва болалар эркак ҳамроҳсиз кўчага чиқмасликка ҳаракат қилади. 1990 йилларда бу жамоаларнинг бир қисми уюшган жиноий гуруҳларга айланади. Расмийлар бундай қонунбузарликларни 2000 йилга келибгина бостиришга муваффақ бўлади.
Шундай гуруҳ аъзоларидан бири бўлган Роберт Гараев кейинчалик ўша даҳшатли даврлар ҳақида китоб ёзди. Ушбу китоб режиссёр Крыжовниковни қизиқтириб қўйди ва у икки йил давомида “Қозон ҳодисаси”ни ўрганиб чиқди. Шундай қилиб, тармоқларни портлатаётган фильм дунёга келди.
Дастлаб, сериални Қозонда суратга олиш режалаштирилган, ҳатто шаҳарда кастинг учун тайёргарлик ишлари бошланган. Аммо кўп ўтмай барча ишлар тўхтади. Бунга маҳаллий фаоллар Қозондаги оғир кунлар ҳақида ҳикоя яратилишига қарши чиққани сабаб бўлган. Одамлар даъво аризаси билан мурожаат қилиб, фильмни тўхтатишни талаб қилади. Жавоб эса кўп кутилмади. Татаристон ҳукумати ҳам "Қозон ҳодисаси" – яъни, мамлакатда бўлган ўсмирлар тўдаси ўртасидаги шиддатли тўқнашувларнинг бадиий хроникасини, бошқа қилиб айтганда “шармандали йилларни” суратга олишга рухсат бермади.
Шундан сўнг сериал ижодкорлари ўша йиллардаги Қозон атмосферасини идеал тарзда акс эттирадиган жой қидиради. Бу эса Россиянинг Ярославль шаҳри эди. У ерда Қозондаги каби кўчалар, ҳовлилар ва бинолар ҳалигача сақланиб қолган. Шундай қилиб, Татаристон воқеалари акс этган фильм Россия (Ярославль)да суратга олинди.
Аммо иш шу билан битгани йўқ. Фильм тармоқларда оммалаша бошлаганидан сўнг, Россия ҳукуматида ҳам уни тақиқлаш талаби билан чиққанлар топилди. Россия Давлат Думаси депутати, Оилани ҳимоя қилиш, ота-оналик ва болалик масалалари қўмитаси раҳбари Нина Останина Федерация Тергов қўмитаси ва Роскомнадзорга "Слово Пацана" сериали намойишларига чеклов қўйиш талаби билан икки марта шикоят хати юборди.
“Фильм 18 ёшдан ошганлар учун мўлжалланган. Аммо уни кичик ёшдаги томошабинлар ҳам кўради. Кейинчалик улар фильмда ишлатилган жаргонни қўллайди, ноқонуний хатти-ҳаракатларга тақлид қила бошлайди”, дейди Останина.
Сериалда чиндан ҳам жанжалли саҳналар, алкоголь ва тамаки истеъмоли тасвирланган кадрлар кўп учрайди. Хусусан, оммавий жанжалларни суратга олиш вақтида актёрлар жуда кўп марта жароҳат олган. Шунинг учун доим суратга олиш майдончасида тез ёрдам машинаси турган. Биргина жанг саҳнасида 20-25 марта ўқ узилган. Бундан ташқари, “Универсам” гуруҳи раҳбари алкоголь, гиёҳванд моддаларга муккасидан кетган одам сифатида тасвирланади. У ёшларга ўғрилар мафкурасини сингдиради. Шунингдек, эпизодлардан бирида ароқ учун навбат кўрсатилган. Уни суратга олиш учун режиссёр ҳатто катта кастинг ўтказишига тўғри келган.
Аммо давлат Думаси мамлакат қонунчилигида цензурага йўл қўйилмаслиги сабаб бу сўровни рад этади. Депутат Мария Бутина интервьюларидан бирида вазиятга ўз муносабатини билдирган.
“Биз бундай фильмларни чеклай олмаймиз, чунки мамлакатимизда цензура қонун билан тақиқланган. Мен эса қонун чиқарувчи Давлат Думаси депутати сифатида ҳар доим қонун тарафида тураман”, деган у.
“Слово пацана” Қозоғистон ёшлари орасида ҳам оммалашишни бошлагандан сўнг, мамлакат Ички ишлар вазирлиги ушбу сериалнинг қонунийлигини таҳлил қилиш талаби билан Маданият ва ахборот вазирлигига хат жўнатган. Шундан сўнг, Қозоғистонда сериалнинг ёшлар онгига салбий таъсирини ўрганиш бўйича текширув бошланди. Агар департамент фильмни хавфли, деб ҳисобласа, “Слово пацана. Кров на асфальте” сериали Қозоғистонда тақиқланиши мумкин.
“Қонунга кўра, контент конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга чақириш, фуқароларнинг яхлитлигини бузиш, давлат хавфсизлигига путур етказувчи, уруш тарғиботи кабиларни тарғиб қилса, Маданият вазирлиги ушбу сериални зарарли деб топади. Бундай ҳолатда тегишли чоралар кўрилади”, дейди ИИВ Маъмурий полиция қўмитаси раиси ўринбосари.
Фильмда асосий қаҳрамонлар мансуб бўлган тўда – “Универсам” тўқима бўлса-да, 1980 йилларда чиндан ҳам Қозонда “Хади Такташ”, “Кинопленка”, “Чайники” ва “Перваки” каби жиноий гуруҳлар мавжуд бўлган. Баъзи манбалар эса “Универсам” тўдаси Қозондаги кўплаб уюшган гуруҳларнинг жамоавий образи эканлигини айтмоқда. Хусусан, рус маҳаллий нашрлардан бири ҳақиқатдан ҳам Кварталс ҳудудида шундай гуруҳ бўлганини ёзган.
Бироқ сериал камчиликлардан ҳоли эмас. Баъзи қисмларда томошабинлар 2014 йилга келиб пайдо бўлган сариқ ва оқ пиёдалар ўтиш жойини кўриши мумкин. Воқеалар эса ўзингиз билганингиздек, ўтган асрнинг 80-йилларида содир бўлмоқда. Фильм қаҳрамони Вова Адидаснинг сигарет қутиси, пластик деразалар ва мактаб ўқувчиларининг оқ фартуклари ҳам шулар жумласидандир. Аммо бу хатолар фильмнинг оммалашишига катта таъсир кўрсатмади. Аксинча, тармоқдаги қизғин мунозаралар ҳам лойиҳа рейтингига ҳисси қўшди.
LiveБарчаси