Тендер ютиб бериш эвазига тадбиркордан 4 млрд сўм талаб қилган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
11 Июль
7261Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи, Қибрай туманида фаолият юритувчи хусусий корхона раҳбари, Навоийда вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими, Янгиерда ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспектори коррупция билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг май ойига қадар ушбу корхонада электр энергияси оқимини ҳисобга олиш ва назорат қилиш муҳандиси вазифасида ишлаб келиб, савдо фаолиятини олиб боришга ихтисослашган МЧЖнинг электр энергиясидан 202 млн 500 минг сўмлик қарздорлигини танишлари орқали ҳисобдан чиқартириб бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилади.
У 2023 йилнинг июнь-декабрь ойлари давомида тадбиркордан жами 78 млн сўм олади, аммо ваъдасининг устидан чиқа олмасдан, яъни қарздорликни базадан ўчиртира олмасдан, барча олган пулларидан дастлабки 3 млн сўмни учинчи шахс орқали қайтариб берган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида фаолият юритувчи хусусий корхона раҳбари ўзининг мансабдор танишлари орқали Наманган вилоятининг Давлатобод туманида барпо этилаётган “Янги Наманган шаҳарчаси”ни ичимлик суви билан таъминлаш учун Косонсой шаҳридаги сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасини тендер савдоларида ютиб бериш эвазига тадбиркордан 4 млрд сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари ушбу ноқонуний ишга алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.
Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими Кармана туманида яшовчи фуқаронинг пластик картасидан 62 млн сўм пул маблағини ноқонуний ечиб олган шахсларни аниқлаб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилади.
Бундай ҳолатларни фош этиш катта тезкор ходимнинг бевосита хизмат вазифасига кирсада, у жабрланувчидан сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда, Янгиер шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспектори пробация назоратида турган, жорий йилнинг февраль ойида суд ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган шахсни жазони Янгиер шаҳрида ўтамаслик, Тошкент шаҳрида эркин тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун ёрдам бериш, яшаш манзилини текширмаслик ҳамда чора кўрмаслик эвазига Янгиер шаҳридан 2 хонали уйни сотиб олиб, унинг номига расмийлаштириб беришини ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи беришини талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда катта инспектор 400 АҚШ доллари ҳамда 1 млн 260 минг сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси