Telegram'да “онлайн наркодўкон”лар сони кескин ошди
Жамият
−
01 Декабрь 2079 2 дақиқа
Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар айланмаси сўнгги йилларда янада фаоллашди. Наркотик моддаларни ташиш ва тарқатиш усуллари тобора мураккаблашиб, уларни аниқлаш жараёни қийинлашмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 декабрь куни ҳуқуқ-тартибод идоралари вакиллари иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, назорат пунктида тутиб қолинаётган партияларда гиёҳванд моддалар аёллар кийими, косметика воситалари, маиший техника қисмлари, ҳатто болалар ўйинчоқлари ичига яшириб олиб ўтилгани аниқланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2025 йил ўрталарида Telegram орқали ишлайдиган яширин “онлайн наркодўкон”лар сони кескин ошган. Улар электрон тўлов тизимларидан, сохта “краудфандинг” кўринишидаги операциялардан, шахси яширилган аккаунтлардан фаол фойдаланмоқда. Айрим каналлар тезда ёпилган тақдирда ҳам, уларнинг ўрнини бошқалари жуда тез эгалламоқда.
Охирги беш йилда наркожиноятлар сони 2 баробарга кўпайган. Мусодара қилинган гиёҳванд моддалар миқдори 67 фоизга, синтетик моддалар эса 80 фоизга ошиб, синтетик наркотиклар мамлакат учун энг катта хавф манбаига айланган. Уларнинг асосий истеъмолчилари – 18-30 ёшли ёшлар.
Жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 848 та наркожиноят фош этилиб, 2 тонна 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
2025 йил 3 ноябрда қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ, “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларни барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган миллий дастур” тасдиқланди. Унга кўра, мамлакат бўйлаб соҳага оид қатор профилактик ва амалий чора-тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 20 ноябрдан 20 декабрга қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, синтетик ва бошқа турдаги наркотик моддалар инсон организми учун ўта хавфли ҳисобланади. Улар марказий асаб тизимини издан чиқаради, юрак-қон томир, жигар ва буйрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, ўлим хавфини бир неча баробар оширади.
Шунингдек, наркотиклар инсон онгида кучли қарамлик уйғотади, ҳаяжон ва нафсни назоратдан чиқаради. Оқибатда, фойдаланувчи жамиятдан ва яқинларидан ажралиб қолади, шу билан бирга ўз атрофидаги кишилар учун ҳам хавф туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Президент Администрациясида куч тузилмалари раҳбарлари билан ишчи йиғилиш ўтказганди. Йиғилишда наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйилган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь