Телефондан энг кам фойдаланадиган давлатлар рейтинги тузилди
Бу қизиқ
−
15 Сентябрь 2025 47254 2 дақиқа
2024 йилда Японияда одамлар бир кунда ўртача 1 соат-у 47 дақиқа вақтини телефонга сарфлаган ва бу дунёда энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда “Exploding topics” эълон қилган ҳисоботда келтирилган.
Унга кўра, дунёда одамлар ҳар куни ўртача 4 соат-у 37 дақиқа вақтни телефонда ўтказишади. Шунингдек, ҳар бир киши кунига ўрта ҳисобда 58 марта телефонини текширади. Ганаликлар ҳар куни телефонида энг кўп вақт (5 соат 43 дақиқа) сарфлайдиган халқ бўлса, японияликлар смартфонлардан фойдаланишда глобал ўртача вақтнинг ярмидан ҳам камроқ (1соат 47 дақиқа) вақт сарфлайди. Z-авлод вакиллари саналадиган 4 кишидан 3 нафари телефонида ортиқча вақт ўтказишини тан олади.
Юқорида қайд этилганидек, инсон ҳар куни телефонида ўртача 4 соат 37 дақиқа вақт сарфлайди. Бу ҳафтасига 1 кундан ортиқ, ойига эса қарийб 6 кунни ташкил этади. Бир йил давомида эса тахминан 70 кун телефон экранига қараб ўтказилади дегани.
Иш кунларида смартфондан фойдаланиш дам олиш кунларига қараганда кўпроқ. Одамлар телефонини кунига ўртача 58 марта текширади. Бу текширувларнинг қарийб 52 фоизи (30 марта) иш соатларига тўғри келади. Шу тариқа, телефонни қўлга олиш одат тусига кириши мумкин. Маълумотларга кўра, барча экран сессияларининг ярми охирги фойдаланишдан атиги 3 дақиқа ўтмасдан бошланади. Одамлар кун давомида ҳар сафар смартфонни қўлга олганда ўртача 1 дақиқа 15 сония вақт сарфлайди.
Ушбу рейтингдан дунёнинг турли минтақасидан 53 та давлат ўрин олган. Хусусан, Жанубий Америка минтақасидаги 4 давлат “энг кўп вақт сарфловчилар” ўнталигига кирган, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёдаги 3 мамлакат ҳам кучли ўнликдан жой олган. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон рейтингга киритилмган.


Live
Барчаси