Тель-Авивда учта автобус портлаб кетди (видео)
Олам
−
21 Февраль
8021Исроилнинг Тель-Авив шаҳри Бат-Ям муниципалитетидаги автотураргоҳда иккита бўш автобус портлаб кетди. Полиция ушбу ҳодисани террорчилик ҳужумига уриниш деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
“Қандайдир мўъжиза туфайли автобуслар портлашдан бир лаҳза олдин автотураргоҳларга келиб тўхтаган”, дейилади хабарда.
“Ynet” нашри эса Тель-Авив атрофидаги Ҳолон шаҳрида учинчи автобус портлагани ҳақида хабар берган. Бу ерда ҳам ҳеч ким жабрланмаган. Ҳодисалардан сўнг Гуш-Дан агломерациясидаги бошқа автобусларда тинтувлар ўтказилган ва иккита портламаган қурилма топилган.
Портлашлардан сўнг Бат-Ямда темирйўл транспорти ҳаракати тўхтатилган. Исроил Транспорт вазири Мири Регев барча автобуслар, поездлар ва темирйўл транспортини тўхтатиб, текшириш, Шабак (Исроил хавфсизлик хизмати) ва полиция кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилишни буюрган.
“Channel 12” хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб, барча портлашлар бир вақтнинг ўзида содир бўлиши режалаштирилганини хабар берди. Канал бу ҳужумни “стратегик террорчилик ҳужуми” сифатида баҳоламоқда.
Телеканал журналистининг ёзишича, Тель-Авив полицияси қўмондони Хаим Сергрофф портловчи қурилмаларда иврит ва араб тилларида ёзувлар ҳамда таймер борлигини билдирган. Шунингдек, телеканалнинг қайд этишича, Бен-Гурион аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилган: ходимларга барча келаётган автобусларни синчковлик билан текшириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тель-Авивда марокашлик эркак пичоқ билан одамларга ҳужум уюштириб, тўрт кишини яралаган эди. Икки эркак – 24 ва 28 ёшдагилар ўртача оғирликдаги жароҳатлар олган, яна икки эркак – 24 ва 59 ёшдагилар эса енгил жароҳатлар билан шифохонага етказилган. Ҳодиса террорчилик ҳужуми сифатида таснифланган.
LiveБарчаси