Тель-Авив урушда Исроилни қўллаб-қувватлаши учун сохта аккаунтларни молиялаштиряпти – NYT
Олам
−
06 Июнь
4253Тель-Авив маъмурияти Ғазо секторига ҳужумлар чоғида Исроилни қўллаб-қувватловчи контентни тарқатиш учун сохта аккаунтларни молиялаштирди. Бу ҳақда “New York Times” хабар беради.
Қайд этилишича, Исроил Диаспора вазирлиги АҚШ Конгресси, Сенати ва Вакиллар палатаси аъзоларини Исроил ҳарбийларини молиялаштиришга чақирувчи сохта ижтимоий тармоқлар орқали операция ўтказишга буйруқ берган.
Операцияда иштирок этган расмийлар ва тегишли ҳужжатларга кўра, сўнгги бир йил ичида Исроил АҚШ Конгресси аъзолари, Сенати ва Вакиллар палатаси ҳамда Америка жамоатчилигига Исроилни қўллаб-қувватловчи мурожаатлар қилган.
Тель-Авив Ғазо секторидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таъсир кампаниясини уюштирган ва пул тўлаган. Исроилнинг тўрт нафар расмийси махфий кампания Исроил Диаспораси ишлари вазирлиги буйруғи билан уюштирилганини айтган.
Вазирлик операцияга тахминан 2 миллион доллар ажратган ва яширин таъсир кампанияларини ўтказиш учун сунъий интеллект платформаларидан фойдаланадиган Тель-Авивда жойлашган Исроилнинг Stoic компаниясини ёллаган.
2023 йил октябрь ойида Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларидан бир неча ҳафта ўтиб бошланган Stoic кампанияси Х, Facebook ва Instagram платформаларидан ҳамда ўзини “ҳақиқий америкаликлар” сифатида кўрсатувчи юзлаб сохта аккаунтлардан Исроилни қўллаб-қувватловчи шарҳларни жойлаштириш учун фойдаланган.
Ушбу ижтимоий медиа аккаунтлари, хусусан, АҚШ Вакиллар Палатасининг қора танли демократ аъзолари, масалан, нью-йорклик Вакиллар Палатасининг озчилик раҳбари Ҳаким Жеффрис ва Жоржиядан сенатор Рафаэль Уорнок кабиларни нишонга олган ва уларни Исроил армиясини молиялаштиришни давом эттиришга чақирган.
Ижтимоий медиа экспертларининг айтишича, Исроил аксарият хабарларни яратиш учун сунъий интеллектга асосланган ChatGPT чатботидан фойдаланган. Бу операция Исроил ҳукумати АҚШ ҳукуматига қарши таъсир кампаниясини ўтказаётганининг ҳужжатлаштирилган биринчи ҳодисасидир.
Таъкидланишича, Эрон, Шимолий Корея, Хитой, Россия ва Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб, шу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Бироқ, бундай кампанияларда давлатлар ишни хусусий компанияларга топшириш ёки учинчи давлатлар орқали олиб бориш орқали ўз иштирокини яширади.
“Исроилнинг бу борадаги роли эҳтимол самарасиз. Исроилнинг АҚШ сиёсатига аралашадиган операция ўтказиши ўта масъулиятсизликдир”, дейди Исроилнинг FakeReporter назорат гуруҳи ижрочи директори Ахия Шац.
Facebook, Instagram, Threads ва WhatsApp эгалари, OpenAI ва Meta компанияларининг баёнотига кўра, Исроил Диаспора вазирлиги Stoic кампанияси билан алоқаси йўқлигини айтган. Stoic бу борадаги саволларга жавоб бермаган.
Шунингдек, FakeReporter сохта аккаунтлар Х, Facebook ва Instagramда 40 000 дан ортиқ обуначиларни тўплаганини аниқлаган. Бироқ, Meta ушбу издошларнинг кўпчилиги бот бўлиши мумкинлигини ва катта аудиторияни ташкил этмаслигини таъкидлаган.
“The Times”нинг ёзишича, 2023 йил октябрь ойида ўнлаб исроиллик технологик “стартаплар” электрон почта ва WhatsApp хабарларини қабул қилиб, уларни уруш даврида Исроилнинг “рақамли жангчилари” бўлиш учун фавқулодда йиғилишларга таклиф қилган.
Маълум бўлишича, хат ва хабарларнинг бир қисми Исроил ҳукумати расмийларидан олинган. Биринчи учрашув 2023 йилнинг октябрь ойида Тель-Авивда бўлиб ўтган. Учрашувда турли ҳукумат вазирликлари вакиллари ҳам иштирок этган. Бу норасмий учрашув бўлиб, унда исроилликлар ўзларининг техник кўникмалари билан мамлакатдаги уруш ҳаракатларига ёрдам беришлари мумкин бўлган.
Stoic кампаниясининг Х, Instagram ва Facebook’даги кўплаб сохта аккаунтлари ўзларини америкалик талабалар, ташвишли фуқаролар ва маҳаллий сайловчилар сифатида кўрсатган. Бу аккаунтларда Исроилнинг урушдаги мавқейини тасдиқловчи мақолалар ва статистик маълумотлар бўлган.
FakeReporter’га кўра, кампания шунингдек, CNN ва “The Wall Street Journal” каби нашрларда Исроилнинг уруш давридаги позициясини қўллаб-қувватловчи хабарларни ўғирлаган ва “Non-Agenda” ва “UnFold Magazine” номлари билан учта сохта янгиликлар сайтларини яратган.
Маълумот учун, яқинда Meta ва Open AI таъсир кампаниясини Stoic билан боғлаган ҳисоботларни эълон қилган. Meta 510 та Facebook аккаунти, 11 та Facebook саҳифаси, 32 Instagram аккаунти ва операция билан боғлиқ Facebook гуруҳини ўчириб ташлаган.
“Биз келажакка назар ташлар эканмиз, сиёсий кампанияларда сунъий интеллектнинг роли кампанияларни стратегиклаштириш, амалга ошириш ва ўлчаш усулларини ўзгартирадиган трансформацион сакрашга тайёр эканлиги аниқ”, деб ёзади Stoic ўзининг LinkedIn саҳифасида.
Бироқ 31 май куни Stoic бу хабарларни LinkedIn дан ўчириб ташлаган.
Шаҳноза Ҳалилова