Оятуллоҳ АҚШ ҳарбий базаларига “қўшни” бўлмоқчи

Таҳлил

Эроннинг янги сайланган Президенти Масъуд Пезешкиён бошчилигидаги янги раҳбарият чуқур ислоҳотларни амалга оширишга киришди. Шундай ислоҳотлардан бири эса кутилмаган ўзгариш – яъни мамлакат пойтахти Теҳрон шаҳрини бошқа қулайроқ ва иқтисодий фаол жойга кўчириш тўғрисидаги эълондир. Режага кўра, пойтахт Теҳронни мамлакат жанубига, Форс кўрфази соҳилларига яқинроғига кўчириш мақсад қилинган. Мазкур янгилик давлат раҳбари томонидан аллақачон расман эълон қилинди. Пезешкиённинг сўзларига кўра, бир қанча омиллар, хусусан сиёсий ва иқтисодий мотивлар туфайли Теҳронни пойтахт сифатида сақлаб қолиш энди имконсиз ва айни дамда Эрон янги маъмурий марказга муҳтож.

“Мамлакат пойтахти сифатида Теҳрон муаммоларга дуч келмоқда, бизда пойтахт марказини кўчиришдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳозирги тенденцияни давом эттириб, мамлакатни ривожлантириш мумкин эмас. Агар биз жануб ва денгиздан Теҳронга ресурсларни олиб келишни, кейин уларни маҳсулотга айлантириб, жанубга экспорт қилиш учун жўнатишни давом эттирмоқчи бўлсак, бу рақобатбардошлигимизни янада пасайтиради”, дейди Масъуд Пезешкиён.

Хабарларга кўра, янги пойтахт борасидаги якуний қарор қабул қилингандан сўнг барча давлат идоралари янги маъмурий марказга кўчирилади ва Теҳрон аҳолисига ҳам кўчиб ўтиш имконияти тақдим қилинади.

Теҳрон нега пойтахтликка ярамай қолди?

Пойтахтни Теҳрондан бошқа жойга кўчириш режаси Эрон бошқарувчилари орасида олдин ҳам бир неча бор муҳокама қилинган. Бундай тўхтамга келинишига эса экологик ва сейсмик муаммолар сабаб экани айтилган. Маълумотларга кўра, шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори ва бунинг 80 фоизи автомобиллар ҳисобига, қолган 20 фоизи саноат улушига тўғри келади. 2010 йилда ҳукумат баъзи хавфсизлик ва маъмурий сабабларга кўра пойтахтни Теҳрондан кўчириш режасини эълон қилган. Бунга эса шаҳарнинг юқорида айтилган сейсмик фаоллиги сабаб бўлган. Узоқ пайтдан буён эҳтимолий зилзиладан зарар кўрмаслик учун 150 дан ортиқ давлат фирмалари ва бир қанча университетларни Теҳрондан кўчириш ишлари давом этиб келмоқда.

Пойтахт кўчирилишидаги иккинчи омил сифатида эса мазкур ҳудуддаги аҳоли сонини шиддат билан ўсиши ва ўсган аҳоли билан параллел равишда шаҳарни кенгайтириш имконияти чеклангани кўрсатилмоқда. 2018 йил маълумотларига кўра, Теҳронда 10 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилган бўлса, бугун бу сон 12 миллионни ташкил қилади. Баъзи ҳисоб-китобларда ҳатто бугун Теҳрон 15 миллион аҳолини ўзига сиғдирганлиги ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Аммо шунга яраша шаҳар сиғимини кенгайтириш имконсиз. Бунга унинг географик жойлашуви йўл қўймайди. Теҳронни ўраб турган тоғлар нафақат унинг кенгайиши, балки ҳукумат ва фуқаролар эҳтиёжларини қондирадиган йўл тизимини қуришни ҳам қийинлаштиради. Бундан ташқари, мутахассислар шаҳар атрофдаги тоғлар туфайли ифлосланган ҳаво массалари унинг устида тўпланиб қолиши ва бу ўз ўрнида ўпка касалликларининг жиддий ўсишига олиб келишини таъкидлайди. Статистик маълумотларга кўра, Эрон давлат секторидаги ишчи кучининг 30 фоизга яқини ва йирик саноат фирмаларининг 45 фоизи айнан Теҳронда жойлашган бўлиб, бу ишчиларнинг деярли ярми ҳукуматда ишлайди.

Эроннинг кейинги юраги қаер?

Теҳрон 1786 йилда Қожар сулоласи вакили Оға Муҳаммад Шоҳ геосиёсий сабабларга кўра мамлакат пойтахтини кўчирганидан бери Эрон маркази ҳисобланади. Салкам 300 йилдан буён сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг юраги бўлиб келган Теҳрон бугун иқтисодий ва бир қанча сиёсий сабабларга кўра пойтахтлик мақомидан ажралиш арафасида. Унинг ўрнига эса юқорида таъкидлаганидек, мамлакатнинг жануби, Форс кўрфазидаги шаҳарлар варианти илгари сурилмоқда. Агар таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, бу қарорга биринчи ўринда хавфсизлик ва тинчлик эмас, балки иқтисодий манфаатлар ва келажакдаги сиёсий ўзгаришлар эҳтимоли туфайли келинганини англашимиз мумкин. Чунки айни дамда янги пойтахт учун кўрсатилаётган номзодларнинг барчаси катта-кичик иқтисодий марказлардир. Пойтахтни кўчиришда жанубий йўналишни танлашнинг асосий сабабларидан бири ҳудуднинг сейсмик вазиятнинг барқарорлиги ва муҳим транспорт марказларига яқинлигидир. Эроннинг жанубий ҳудудлари пойтахтдан фарқли ўлароқ, экологик жиҳатдан қулайроқ ҳудудларда жойлашган ва денгизга тўғридан тўғри чиқиш имкониятига эга, бу ҳам иқтисодий ривожланиш ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади. Шундай қилиб, бугун мутахассислар томонидан тахмин қилинаётган шаҳарлар учлигига тўхталсак:

  • Энг биринчи номзод бу Бандар-Аббосдир. Бу Эроннинг Форс кўрфази соҳилидаги асосий порт шаҳарларидан бири ҳисобланади. У ривожланган иқтисодий марказ бўлиб, мамлакат ташқи савдоси учун муҳим аҳамиятга эга. Шаҳар стратегик жиҳатдан муҳим нуқтада жойлашган бўлиб, бу Эронга ривожланиш ва халқаро таъсирни ошириш учун янги имкониятларни тақдим этиши кутиляпти. Аҳолиси эса жуда ҳам зич эмас ва айни дамда бу ерда 600 мингга яқин киши истиқомат қилади. Ҳудудда халқаро аэропортнинг мавжудлиги ва истиқболли транспорт алоқалари бу шаҳарнинг пойтахт бўлиш имкониятларини бошқа вариантларга нисбатан ошириб юбориши мумкин. Устига-устак Бандар-Аббос ва дунё марказларидан бирига айланиб улгурган Дубай оралиғидаги масофа атиги 279 км масофани ташкил қилади. Қатар ва унинг пойтахти Доҳа билан ҳам масофа унчалик узоқ эмас. 
  • Иккинчи номзод эса бу Бандар-Ленге эканлиги тахмин қилинмоқда. Бу Эрон жанубидаги унчалик танилмаган, аммо истиқболли порт шаҳар. Бандар-Ленге Уммон кўрфазига яқинлиги ва Ҳиндистон ва Шарқий Африкага олиб борадиган транспорт йўллари туфайли номзодлардан бири сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Аммо бундай имкониятлар Бандар-Аббосда ҳам мавжуд ва қўшимчасига бу шаҳар бошқа қулайликлар борасида Бандар-Аббосдан устун эмаслигини рақамлардан осонгина англашимиз мумкин. Шаҳар анча кичик, бугунги кунда бу ҳудудда 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
  • Учинчи номзод Бушеҳр эса юқорида тилга олинган икки шаҳардан бироз узоқда жойлашган бўлиб, Бандар-Аббосга пойтахтлик мақоми учун яхшигина рақобат туғдириши мумкин. Бушеҳр ўзининг иқтисодий ва энергетика объектлари, жумладан Эронда қурилган биринчи атом электр станцияси билан машҳур ва қўшимчасига бу ҳам порт шаҳар. Маълумотларга кўра, Бушеҳр узоқ вақтдан бери мамлакатнинг асосий энергетика маркази ролини ўйнаган. Мутахассислар эса шаҳарнинг бу устунлиги янги пойтахт учун нафақат бошқарув нуқтаи назаридан, балки энергия хавфсизлиги томонидан ҳам муҳим бўлиши мумкин, дея таъкидламоқда. Бушеҳр ҳам сув орқали Қувайт ва БАА билан чегараланган. Аммо бу ҳудуд Бандар-Аббосга қараганда Ҳиндистонга бироз узоқ. Айни дамда шаҳарда 230 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Бушеҳр ҳам Бандар Аббос ва Бандар-Ленге сингари Арабистон яриморолидаги юксалган шаҳарларга жуда яқин ва уларни фақат сув йўли ажратиб туради.

Бугун таҳлилчилар Эрон ўз пойтахтини жанубга кўчириши нафақат аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши ва экологик муаммоларни ҳал қилиши, балки Эроннинг Форс кўрфази минтақасидаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам бериши мумкин деб ҳисобламоқда. Чунки бу силжиш юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу сув ҳавзасидаги юқори мавқедаги давлатлар, жумладан Қатар, Қувайт ва бошқалар билан яқин алоқалар ўрнатиш билан бирга, улар билан рақобатда кучли сув йўлларга эга бўлишида муҳим роль ўйнайди. Жануб шаҳарларининг ривожланиши сармояларни жалб қилиш ва мамлакатнинг янада ўсишини қўллаб-қувватлашга қодир бўлган янги иқтисодий марказни яратади. Денгизга яқинлик Эронга янги савдо ва логистика имкониятларини тақдим этади, бу эса келажакдаги ривожланиш учун муҳимдир, айниқса BRICS’га аъзо давлатлар билан. Эроннинг Форс кўрфазига ва стратегик нефть ва газ йўлларига яқинроқ жойлашган жанубий ҳудудлари Россия ва бошқа BRICS аъзолари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун янги истиқболларни очади. Эроннинг жанубий портлари орқали транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаши савдо айланмасининг ўсишини рағбатлантириши мумкин, бу ҳар икки давлатга нисбатан санкциялар босими шароитида, айниқса, муҳимдир. Эроннинг BRICS билан боғлиқ халқаро лойиҳалардаги иштироки минтақадаги стратегик ролини ошириш ва Евросиё иқтисодий ташаббуслари доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали фаоллаштирилиши мумкин. Шундай қилиб, пойтахтни кўчириш Эроннинг геосиёсий мавқеини мустаҳкамлайди, бу унинг Россия ва BRICS давлатлари билан ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Янги марказ учун хавфлар

Пойтахтни шимолдан жанубга кўчириш иқтисодий нуқтаи назардан жуда ўринли бўлиши мумкиндир, аммо хавфсизлик масаласида бундай дейишга эрта. Буни табиий сейсмик фаол нуқтадан қочиб, қайноққина сиёсий ва ҳарбий сейсмик нуқтага тутилиш дейиш ҳам мумкин. Чунки Эрон ўз пойтахтини жанубга кўчириш орқали юқорида номлари қайд этилган шаҳарлардан бирини танлаган заҳоти оз эмас, кўп эмас, нақд АҚШнинг 26 та ҳарбий базаси ва уларда сақланадиган 41 минг қўшин билан яқиндан юзлашади.

Гап Арабистон яриморолида жойлашган давлатлардаги Эрон билан сув орқали чегараланган базалар ҳақида кетяпти. Яриморолнинг шарқий қисмида жойлашган давлатлар, жумладан Қувайтда 6 та (13 минг аскар), Баҳрайнда 3 та (7 минг аскар), Қатарда 1 та (13 минг аскар), БААда 3 та (5 минг аскар), Саудиянинг ўзида 5 та (3 минг аскар) ва Уммонда 6 та (600 аскар) Қўшма Штатлар назорати остидаги ҳарбий базалар мавжуд. Агар харитага ва географик ўлчовларга назар ташлайдиган бўлсак, бу хавф янада катталаштирилган форматда кўриниш беради. Масалан, Американинг 6 та ҳарбий базаси қад ростлаган Қувайт ва Эроннинг навбатдаги пойтахтига номзодлардан бири Бушеҳр орасидаги масофа атиги 280 км ни ташкил қилади.

Бунгача эса мамлакатнинг юраги ва энг муҳим маъмурий маркази сифатида Теҳронга энг яқин АҚШ ҳарбий базаларидан бири Ироқдаги Ҳарир ҳаво базаси бўлиб, у Эрбилда жойлашганди. Теҳрон ва ушбу ҳарбий объект оралиғидаги масофа 650-700 км ни ташкил қилиб, бу Бушеҳр ва Қувайтдаги ҳарбий базаларнинг ўзаро яқинлигидан бир неча баробар узоқроқ ва хавфсизроқ ҳисобланади. Аммо гап номзод бўлган кейинги икки шаҳар ҳақида кетса, хавф ҳақидаги тахминлар янада жиддийлашади. Бу хатарнинг кўламини тасаввур қилиш учун эса яна масофаларга юзланиш талаб этилади. Дастлаб бироз узоқроқларидан хусусан, пойтахтликка номзод Бандар-Ленге ва Баҳрайн орасидаги масофага назар ташлаймиз. Мазкур шаҳар ва Баҳрайн оралиғидаги масофа нари бери 400 км ҳисобланади. Устига-устак Баҳрайнда АҚШнинг минтақадаги бир қадар машҳур ва кучли базалари, хусусан, денгиз кучларини қўллаб-қувватлаш базаси мавжуд. Агар Бандар-Ленге форсларнинг кейинги пойтахти сифатида танланса, бу ерга Баҳрайндаги хавфдан кўра жиддийроқ босим Қатардаги АҚШ авиабазасидан бўлиши ҳам мумкин. Чунки Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги энг йирик базаси айнан Доҳа яқинига жойлаштирилган бўлиб, бу ердаги Ал-Удейд ҳарбий авиабазасида 13 минг қўшин сақланади. Доҳа ва Бандар-Ленге орасидаги узоқлик эса 365 км, янада аниқлик киритадиган бўлсак 40-45 дақиқалик ҳаво йўлини ташкил қилади. Бандар-Ленге ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг АҚШ ҳарбий базалари жойлашган бошқа бир давлат – БАА билан жуда яқин эканлигини ҳисобга олсак, пойтахтликка номзод ушбу шаҳарга АҚШ ҳарбий учоқларининг яқинлиги ва хавфи янада ортишига гувоҳ бўламиз. Ушбу порт шаҳар БАА пойтахти Абу-Дабидан атиги 238 км узоқликда жойлашган. Абу-Дабининг жанубида эса Қўшма Штатлар назорати остидаги Ал-Дафра авиабазаси мавжуд ва бу Эроннинг жанубий қирғоқларига жуда-жуда яқин.

Пойтахтликка энг асосий номзодлардан яна бири Бандар-Аббос эса бир қарашда АҚШ базаларидан қолганларга қараганда узоқ кўриниши мумкин. Аммо у ҳам жуда олисда эмас ва ҳатто америкаликларга алоқадор базалар қуршовида ҳам дейишимиз мумкин. Хусусан, Бандар-Аббос Абу-Дабидаги Ал-Дафрадан 356 км нарида жойлашган. Бироқ бу порт шаҳар жануби-ғарбда БАА, жануби-шарқда Уммон султонлиги билан ўралганлигини инобатга олсак, Бандар-Аббос АҚШнинг ушбу икки араб монархияларида мустаҳкамланган ҳарбий базалари қуршовида деб бемалол айтишимиз мумкин.

Эрон “урушлар”дан чарчадими?

Юқорида келтирилган далиллар Форс кўрфази соҳилидаги янги пойтахт Теҳрондан кўра анча заиф ҳимояга эга бўлишини очиқ-ойдин кўрсатади. Мамлакат иқтисодини ривожлантириш важи билан кўчирилиши режалаштирилган янги марказ эҳтимолий ҳарбий агрессиядан ҳимоя масаласига мутлақо зид. Бу эса Эрон эндиликда ҳарбий можаролардан тийилиб, бор эътиборини ички иқтисодий ривожланишга қаратади, деган фикрни ўртага ташлайди. Айни дамда кўпчилик шундай деб ўйламоқда ҳам. Эрон минтақадаги кескинлик пасайишига умид қилаётгани ҳақида гапираётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай хулосалар эса бевосита янги Президент Пезешкиённинг шахсияти ва унинг сиёсий қарашлари ортидан пайдо бўляпти. Чунки Масъуд Пезешкиённинг либерал сиёсатчи дея таърифланиши ҳеч кимга сир эмас. Эрон расмийлари шундай қарорга келаётгани, улар пойтахтни АҚШ ҳарбий базалари ёнига кўчириши ва бундай хавфни била туриб амалга ошириши уларнинг кейинги қадамларини бирмунча тахмин қилиш имконини ҳам беради. Демак, форслар уруш хоҳламайди ва улар тинч ривожланиш тарафдори. Буни вақт кўрсатади. Бироқ масала пойтахтдек энг йирик стратегик ҳудудни бир жойдан бошқа жойга кўчириш ҳақида кетар экан, бу жуда қийин ва муаммоли вазифа ҳисобланади. Агар кўчиш масофаси, жумладан, Бандар-Аббосдан Теҳронгача бўлган узоқлик 1300 км ёки ундан-да узоқ бўлса, бу жуда улкан маблағларни талаб қилиши табиий. Аксарият саноат корхоналари, йирик компанияларнинг офислари, молия институтлари пойтахтда тўпланган ва уларнинг барчаси кўчишни бошлаши даргумон. Бундан ташқари, пойтахтнинг Форс кўрфазига олиб келиниши олий раҳнамо Али Хоманаийнинг узоқ йиллик душмани АҚШ ҳамда унинг ҳарбий базалари билан бир деворлик ён қўшни бўлишини ҳам ҳисобга олсак, бу қарор ортида ҳали бизни бир-биридан қизиқ ва жуда жиддий воқеа-ҳодисалар кутаётганини олдиндан тахмин қилишимиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг