ТДТУда ёлланма ишчи маошини ололмагани учун ўзини 5-қаватдан ташламоқчи бўлди
3-саҳифа
−
15 Февраль 2022
6410Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат техника университетидаги қурилишда ишлаган ёлланма ишчи маошини ололмагани сабаб ўзини бешинчи қаватдан ташлашга урингани айтилган хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, бугун соат 11:50 ларда Тошкент давлат техника университетининг реконструкция ишлари якунланаётган А-блокида қурилиш ташкилотининг ёлланма ишчиси бинонинг том қисмига чиқиб, бажарган ишлари эвазига иш хақини олмаганлиги учун масъулларга шарт қўйган.
Ушбу ҳолат бўйича қурилиш ташкилоти раҳбарларига ва Ички ишлар бошқармаси ходимларига зудлик билан хабар берилган. Шундан сўнг фуқаро билан гаплашилиб, унга қурилиш ташкилоти томонидан иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланган.
Университет Матбуот хизмати ҳам ҳолатга муносабат билдирган.
“Ушбу хабарга асосан воқеа жойига етиб келган ИИБ ходимлари фуқаро билан суҳбатлашиб, юзага келган низоли масалани қонуний тартибда ҳал қилишга киришди ҳамда қурилиш ташкилоти томонидан иш ҳақи тўлаб берилди. Шундан сўнг фуқаро ўз ҳоҳиши билан томдан тушди. Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади университет Матбуот хизмати берган изоҳда.
Маълум бўлишича, мазкур фуқаронинг олий таълим муассасасига алоқаси йўқ ва университет ходими эмас.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь