ТДТ Туркия босими остидаги ташкилотми?

Интервью

Маълумки, кеча, 10-11 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилотининг 9-саммити Самарқандда бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қабул қилинганини айтиб, бунинг учун ташкилотнинг бошқа аъзо давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Бироқ, Анқарадан бўлак дунёнинг ҳеч бир мамлакати томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасига ТДТда кузатувчи мақомини олиши кўплаб баҳсларни келтириб чиқариб, қораловчи баёнотларга сабаб бўлмоқда. 

Эрдўғаннинг нутқидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов баёнот бериб, ТДТ саммитида Шимолий Кипр Турк Республикасига кузатувчи давлат мақомини бериш бўйича ҳеч қандай ҳужжат қабул қилинмагани, унинг суверенитетини тан олиш бўйича эса умуман гап бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида айтиб чиқди. 

Шу ўринда савол туғилади: Туркий давлатлар ташкилоти Туркия босими остидаги ташкилотми? Нега Эрдўған саммитда бундай ирод қилди ва нега агар Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳақиқатан ҳам Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қабул қилинмаган бўлса, ташкилот бош котибияти чуқур сукутда? 

Самарқандда бўлиб турган QALAMPIR.UZ мухбири ушбу масалада юрист ва сиёсатшунос Омонулла Муҳаммаджоновга юзланди. 

Шаҳзод Султонов, мухбир: — Биламизки, ташкилотнинг фаол аъзоларидан бири – бу Туркия Республикаси ва уни ташкилотнинг бошқа аъзоларига солиштирганда, ҳарбий ва иқтисодий томондан устунликка эга. Ташкилотда Туркия қандай таъсир ва босимга эга. Умуман ташкилот Туркия босими остидаги тузилмами?

Омонулла Муҳаммаджонов, юрист, сиёсатшунос: — Дарҳақиқат, сиз тўғри қайд этиб ўтдингиз, бу ташкилотни дунёга келиши Туркиянинг собиқ Президенти Тургут Ўзалнинг ташаббуси билан боғлиқ. Дастлаб, бу ғоя туркий давлатларни ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли ташкилот тузиш мақсадида қилинган. Лекин шуни ҳам айтиб ўтишимиз ҳам керак, Туркия ҳозирда салоҳиятга, ўз овозига ва қатор халқаро ташкилотларда катта ўринга эга бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. 

Ҳозир саммитда иштирок этаётган давлатлар мустақил давлатлар. Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг асосий вазифаси ҳар бир мамлакатнинг манфаати бўлса-да, лекин муштарак мақсад сари йўналтиришдан иборат. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон ҳам ўзининг манфаатларига, тараққиётимизни белгилаш борасида жуда катта тажрибага 30 йилда эга бўлди.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзоларнинг ярмидан кўпи бу Марказий Осиё давлатлари ҳисобланади. Ўйлайманки, Туркиянинг мазкур ташкилотга таклифлари, мулоҳазалари ўртага ташланиши мумкин. Ҳар бир давлат, юқорида айтиб ўтилганидек, бошқа дунё мамлакатлари билан маълум бир муносабатларга киришади ва шу нуқтайи назардан ўзининг сиёсатини бошқа мамлакатлар сиёсатини ҳисобга олган ҳолда, ўз манфаатларини дунё миқёсида, халқи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилишга ҳаракат қилади. Ўйлайманки, Туркиянинг бу ерда бевосита доминантлиги, таъсир этиш доираси фақатгина ўзаро музокалар, мана шу масалаларда ягона ечимларни топишда кўринади. 

Маълумот учун, 1992 йил 30 октябрда Туркия Республикасининг ўша пайтдаги Президенти Тургут Ўзал ташаббуси билан Анқара шаҳрида биринчи “Туркий тилли давлатлар саммити” бўлиб ўтди, унда Тургут Ўзал, Абулфаз Элчибей, Ислом Каримов, Нурсултон Назарбоев, Сапармурод Ниёзов ва Асқар Акаев иштирок этган.  Ўша саммитда иштирокчилар сиёсий ва иқтисодий бирлик ўрнатилишини эълон қилишди. 1993 йил 12 июлда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Олмаотада Туркий халқлар маданияти халқаро ташкилотини тузиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, 1992 йилда Олмаотада Туркий тиллар ва санъат бирлашган бошқармаси, 1998 йилда Бакуда Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеяси ташкил этилди.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлди ва Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган саммитда иштирок этган.

2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Кенгаш Туркий давлат ташкилоти номини олди.

Ҳозирда Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат мақомига эга.

Қувончбек Ғайбуллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг