Тайвань Хитойдан ҳимояланиш учун АҚШдан мингта дрон олади – “Bloomberg”
Олам
−
29 Октябрь
2104Тайвань Мудофаа вазирлиги АҚШ ҳукумати билан Хитойнинг мумкин бўлган ҳужумини олдини олиш мақсадида мингта жанговар дрон сотиб олишга имкон берувчи келишув имзолади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жорий йил сентябрь охирида Тайвань “Таклиф ва қабул қилиш хати”ни имзолаган. Маълум бўлишича, ушбу ҳужжат шартномадан олдин имзоланади ва унда миқдор, нарх ҳамда етказиб бериш муддатлари кўрсатилади. Расмий шартномалар эса тез орада имзоланиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти вазият бўйича изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумотларга кўра, Тайвань дронларни AeroVironment ва Anduril Industries компанияларидан олишни режалаштирмоқда.
АҚШ Демократияни ҳимоя қилиш фонди катта директори, истеъфодаги вице-адмирал Марк Монтгомерига кўра, Тайвань ва АҚШ Украинадаги жанговар ҳаракатлардан муҳим сабоқ олмоқда ва бу билимларни келгусидаги харидлар учун қўллаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой армиясининг Шарқий ҳарбий қўмондонлик ҳудуди расмий вакили Ли Си Хитой Халқ озодлик армияси Тайвань атрофида машғулотлар бошлаганини ва ушбу амалиёт давомида Пекин яриморолни қамал қилишни ўрганаётганини маълум қилган эди.