Тайвань қирғоқларида кетма-кет учта кучли зилзила содир бўлди (видео)
Олам
−
03 Апрель
13809Тайваннинг шарқий қирғоқларида кучли зилзила содир бўлди, кейин яна кучли силкинишлар кузатилди. Бу ҳақда Япония бош метеорология агентлиги маълум қилди.
Япония вақти билан 08:58 да 7,7 магнитудали зилзила Тайваннинг шарқий қирғоқлари яқинида қайд этилган. Зилзила ўчоғи сув остида "жуда саёз" чуқурликда бўлган.
15 дақиқадан камроқ вақт ўтгач – Япония вақти билан 9:11 да 6,6 магнитудали янги силкинишлар кузатилган. Зилзила ўчоғининг чуқурлиги яна "жуда саёз" экани аниқланди.
Япония вақти билан 09:35 да худди шу минтақада 6,3 магнитудали учинчи зилзила қайд этилди. Зилзила эпицентри сув остида 20 километр чуқурликда жойлашган.
Тайвань ўт ўчириш хизмати маълумотларига кўра, оролда магнитудаси 4 баллдан ортиқ бўлган камида 11 та силкиниш қайд этилган.
Тайвань метеорология бошқармаси сейсмик ўлчовлар ва прогнозлар маркази директори У Цзяньфунинг айтишича, булар охирги чорак асрда оролда кузатилган энг кучли силкинишлардир.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, 97 киши яраланган. Хуалян шаҳрида иккита бино, Синбей шаҳрида эса пластмасса заводи биноси қулаб тушди.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларда вайрон бўлган уйларни кўриш мумкин, ОАВ маълумотларига кўра, улардан бирининг остида саккиз киши қолиб кетган.
87 мингдан ортиқ хонадонда электр таъминоти йўқ, интернет тармоғида узилишлар қайд этилган.
Ер силкинишлари Япония жанубидаги Окинава префектурасида ҳам сезилган. Зилзиладан кейин Окинава, Мияко ороллари ва Яэяма ороллари гуруҳи учун цунами хавфи эълон қилинди. Япониялик мутахассислар тўлқин баландлиги уч метрга етиши мумкинлигини истисно қилишмади.
NHK телеканали маълумотларига кўра, баландлиги 30 сантиметр бўлган тўлқин Япония вақти билан 9:18 да Йонагуни оролига етиб келган. 9:32 да худди шу номдаги оролдаги Исигаки портига кичик тўлқин етиб келди. 10:03 да Мияко оролида кичик тўлқин қайд этилди.
Кейинчалик цунами ҳақида огоҳлантириш бекор қилинди.