ТАТУ талабалари 300 млнга тушиб қолаётгани қанчалик ҳақиқат? Университет раддия берди

Жамият

image

Аввалроқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари муассаса масъулларининг хатоси туфайли 300 миллион сўмдан ортиқ пул тўлашига тўғри келиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент ахборот технологиялари университети мазкур хабарлар юзасидан ўзи муносабатини билдириб, тарқалган хабарларни инкор қилди.

Қайд этилишича, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг худудий филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий этилган. Ҳозирги кунда барча босқич талабалари таълимнинг кредит тизимида таҳсил олиб келмоқда. Университетда ўқув жараёни ва назоратларни ташкил этиш учун “lms.tuit.uz” тизими жорий этилган бўлиб, бунда инсон омили иштирок этмайди. Ушбу тизим 4 йил давомида университетда тўлақонли синовдан ўтган ва бундай ҳолатлар кузатилмаган. Ўтган давр мобайнида ўн минглаб талаба мазкур даргоҳни тамомлаб, жамиятда ўз ўрнига эга кадрлар сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Университет маъмурияти ижтимоий тармоқлардаги “қўшимча тўлов қилиш”, “ТАТУ масъулларининг хатоси туфайли талабалар бўлиб ўтган якунийлардан йиқилиши”, “амалдаги тизим хато” дея талқин қилинган хабарлар бўйича изоҳ берган.

“Аввало универститетда якуний назоратлар ҳозирда ҳам давом этмоқда. Назорат ишлари натижасидан қониқмаган тақдирда талабалар аппеляцияга бериш мумкинлигини эслатиб ўтамиз. Шу ўринда, қайта ўқиш учун тўлов қийматларига назорат ишлари ва аппеляция натижалари тугаллангандан сўнг аниқлик киритилишини маълум қиламиз. Бунда фанлардан қайта ўқиш учун тўлов миқдори талабанинг бир йиллик тўлов шартнома миқдорининг 1 кредитга (1 кредит тўлов миқдори контракт миқдорини 60 га бўлинган нисбати) нисбатидан ва фанга ажратилган кредит миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хабарда “талабалар бугун бўлиб ўтган якунийлардан университет ҳисобига 300 млн сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги” ҳақидаги фикр мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, университет рахбарияти ташаббуси билан талабалар учун кўпчилик олийгоҳларда мавжуд бўлмаган бир қатор шароитлар ва имтиёзлар яратилгани ҳам эслатиб ўтилган.

“Жумладан, фанлардан етарли балл тўплай олмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар (чин етимлар ва боқувчиси йўқлар, имконияти чекланган, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирган, ногиронлиги мавжуд талабалар, марҳум харбийлар фарзандлари) учун қайта ўқиш бепул этиб белгилангани ва улар бу имтиёзлардан мунтазам фойдаланиб келаётганини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин”, дея таъкидланган баёнотда.

Бундан ташқари, университет масъулларининг хатоси туфайли талабалар якуний назоратдан йиқилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан қуйидагича изоҳ берилган:

“Университетда тасдиқланган ўқув жадвалига кўра, 2022 йил 2 февраль куни соат 11:00да 2-босқич талабаларига “Дискрет тузилмалар” фанидан онлайн режимда 1400 нафарга яқин талабаларга якуний назорат иши ўтказилди. Иштирок этганлардан 50 фоиз талаба баҳолаш меъзонларида белгиланган ўтиш балларини тўплаб муваффақиятли ўтган (ушбу рўйхатдаги 300 га яқин талабалар аъло ва яхши баҳолар билан, қолган 300 дан ортиғи ҳам керакли баллар тўплаган). Қолган талабалар орасидан 72 нафарида эса “lms.tuit.uz” тизимида кузатилган қисқа техник носозлик сабабли саволлар вариантларини генерациялаш жараёнида бузилиш юз берди.

Мавжуд техник носозликни бартараф этиш юзасидан зудлик билан университетнинг расмий каналлари орқали маълум қилинган. Университет маъмурияти мазкур ҳолат бўйича мурожаат қилган талабалар учун қайта якуний назорат олинишини маълум қилади”.

Университет якуний назоратларда тушган саволларга эътироз билдирган талабаларга “lms.tuit.uz” тизимида апелляция тартибида қайта кўриш учун ариза бериш имконияти мавжудлигини ёдга солган.

“Апелляция жараёнлари 2-босқич талабалари учун барча имтиҳонлар якунлангандан сўнг ўтказилиши ҳақида университет расмий каналида ҳам хабар берилган.

Хулоса ўрнида, азиз талабалар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилиб, таълим жараёнлари билан боғлиқ барча савол ва муаммолар мавжуд бўлганда бевосита ректор виртуал қабулхонасига онлайн мурожаат қилишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Бизнинг даргоҳ республикадаги нуфузли университетлардан бири сифатида ўз ўрнига эгалиги, бунда профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнати беқиёс эканлигини қадрлашингизни сўраб қоламиз”, дейилади расмий муносабатда.

Маълумот учун, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам мазкур ҳолат бўйича ўрганиш бошлаган. Вазирлигида ҳолатни ўрганиш бўйича масъуллардан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг