Ислом Каримов хотира маросимига биринчи марта набиралари келди

Жамият

Татьяна Акбаровна Каримова – мамлакатнинг 74 ёшли собиқ биринчи хоними. У турмуш ўртоғи Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг, унинг хотирасини абадийлаштиришга бел боғлаган. 

У Каримов номидаги музей, кутубхона очилишига бошчилик қилган, ҳар йили амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев билан Каримов қабрини зиёрат қилади, ҳайкали пойига гул қўяди ва Ислом Каримов номидаги жамоат фондни бошқариб келади. Сентябрь ойи бошларида эса марҳум Президент Ислом Каримовни хотирлаш ҳафталиги доирасида хотира маросимини ўтказади. 

Худди шундай маросим 3 сенябрь куни пойтахтдаги “Оқсарой” мажмуасида бўлиб ўтди. Унда эса Татьяна Каримова нутқ сўзлаб, турмуш ўртоғи билан ўтказган дамларини эслади. 

“Ҳар йил икки марта Ислом Абдуғаниевич Каримовни энг қайноқ ҳиссиётлар билан хотирлашимиз анъанага айланди. Хотира ажойиб нарса, у бизни севишга, орзу қилишга ва олдинга қараб интилишга илҳомлантиради. Менинг тақдирим Ислом Абдуғаниевичга хизмат қилиш билан боғланган. Мен унинг ишлаши учун максимум имконият яратиб бердим, айниқса, у киши Президент бўлганида. Мен билардим, у учун энг муҳими – бу иш. Ислом Абдуғаниевич кучли ва жанговар характерли инсон эди. У жуда кўп ишлар эди. 

Биз турмуш қурганимизда, у аллақачон мартабали одам эди. Ва мен унинг характери, унинг шахсияти кўламини ҳис қилдим. Мен унинг олдида буюк келажак борлигини англадим. Бу келажак қийин ва оғир эди, аммо у бу йўлни муносиб босиб ўта оларди”, дейди Татьяна Каримова. 

У ўз сўзи сўнггида мамлакат Биринчи Президент хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. 

Мазкур маросимга Каримовни яқиндан таниган инсонлар, санъаткорлар, журналистлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ва жамотчилик вакиллари ташриф буюрди. Шундай меҳмонлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Гулнора Маҳкамова Каримовнинг халқаро журналистлар олдидаги обрўйи ҳақида шундай дейди:

“Хорижий давлатларнинг қайси бирига бормайлик, ҳамма давлат Президентлари келган пайтида агар “ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташриф буюрди”, дейилса, ҳамма давлат журналистлари югуриб бориб, Ислом Каримовдан интервью олишга ҳаракат қиларди. Айрим Президентлар буни кўриб “Нимага бизга бунчалик эътибор беришмайди?” деб гапиришарди”.

Шунингдек, Ислом Каримовнинг ҳос соқчилари бошлиғи сўзга чиқиб, Каримовнинг қанчалик жасоратли шахс бўлгани ҳақида гапириб берди ва ўз медалларидан бирини Татьяна Каримовага совға қилди.

“Мен 2-3 йил касал бўлиб ётганимдан сўнг 90-йилларда Президентимизни қўриқлаш менга ишониб топширилганини ўқиб, жуда қувонгандим”, дея хотирлайди у.

Олдинги йиллардаги маросимлардан фарқли ўлароқ бу йилги тадбирда Ислом Каримовнинг набиралари Марям Тилляева, Имон Каримовалар ҳам қатнашишди. 

Тадбир давомида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ватанпарварлик руҳидаги ҳамда муҳаббат мавзусидаги куй- қўшиқлар куйланди. Уларни тингларкан Татьяна Каримова кўз ёшларини яшириб туролмади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни оғир хасталик сабаб 78 ёшида вафот этган эди. Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова айни вақтда қамоқда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова эса отаси вафотидан кейин Ўзбекистондаги барча бизнес ва расмий лавозимлардан воз кечиб, АҚШга кўчиб ўтган. Марям Тилляева ҳам турмушга чиққунига қадар онаси билан яшаб келаётган эди. У блогер Амиран Сардаров билан турмуш қуриб, сўнг ажрашгач, дунё кезмоқда. Унинг бир оёғи ҳамон Москвада. 

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом ва қизи Имон эса Лондонда ўқиб, истиқомат қилади. Ислом уйланган, ўғил фарзандли бўлган. Имон эса вақти-вақти билан Ўзбекистонга келиб туради. Имон ва Марямнинг муносабатлари яқинда тикланди.

Хотирлаш маросимидан тайёрланган видеорепортажни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

214

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг