Тасмаларда қолган тарих — Қиролича Елизавета II тасвирланган энг яхши фильмлар
Олам
−
25 Сентябрь 2022
20030Буюк Британия Қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландиядаги Балморал қасрида 96 ёшида вафот этди ва 19 сентябрь куни Буюк Британия пойтахтига дафн этилди. У қиролликни 70 йил давомида бошқарди. Эндиликда Елизавета II ҳақидаги хотиралар нафақат одамлар онгида ва тарих китобларида, балки кинотасмаларда ҳам сақланади. Дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан бирида бу қадар узоқ вақт давомида тахтда ўтирган монарх, албатта, кинорежиссёрлар учун яхши мавзу эди.
Қиролича ва унинг оиласи ҳақида кўплаб ҳужжатли фильмлар яратилган, аммо жамоатчилик эътиборини барибир бадиий фильмлар кўпроқ тортган. Буюк Британия Қироличаси ҳақида бадиий фильмлар суратга олиш ўта мушкул жараён. Сабаби бу ерда сиёсат билан боғлиқ нозик масалалар, Қиролича истиқомат қиладиган қасрлар, унинг кундалик ҳаётидаги ҳашамат ва у фильмда айтадиган ҳар бир сўз устида бош қотириш керак. Етмаганига инглизлар учун қадрдон қиёфани ўзида гавдалантироладиган актриса топиш масаласи ҳам бор. Бугун Қиролича Елизавета II тасвирланган энг яхши бадиий фильмлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
ҚИРОЛИЧА (2006 ЙИЛ)
Фильм Елизавета II вафот этган Балморал қасрида суратга олинган. Ушбу фильм малика Диана вафотидан кейин бошланган қироллик оиласидаги руҳий инқироз ҳақида ҳикоя қилади. Бу нафақат Қироллик оиласи, балки бутун Британия халқи учун оғир жудолик эди. Фильмдаги воқеликларга кўра Елизавета II нинг зиммасида фожиа юз берган кунларда юзага келган бир нечта муаммоларга ечим топиш ва дафн маросимини ўтказиш каби масъулиятли вазифалар туради.
Ушбу фильмда Қиролича ролини актриса Хелен Миррен ижро этган. Бу роль унга том маънода омадли келган. Сабаби айнан шу роль сабабли актриса “Оскар”, “Олтин глобус” ва “Венеция” ва тақдирлаш маросимларида мукофотларга сазовор бўлган. Бундан ташқари, Мирреннинг сўзларига кўра , Елизавета II нинг ўзига бу роль ёққан.
ҚИРОЛ НУТҚИ (2010)
Бу фильм ҳам тўғридан-тўғри Елизавета II ҳақида эмас, балки унинг отаси Жорж VI ҳақида ҳикоя қилади, шунга қарамай, Фрея Уилсон ўзида гавдалантирган жажи Елизавета образи томошабинлар хотирасида сақланиб қолди. Фильмда Жорж VI нинг нутқидаги нуқсон билан кураши акс этган. Фильм давомида бир неча маротаба унинг қизи Елизавета намоён бўлади. Ушбу фильм 2011 йилги “Оскар” тақдирлаш маросимида энг яхши фильм деб топилган.
ЛОНДОНДАГИ ТАЪТИЛ (2015)
Қиролича ҳақидаги деярли барча фильмларда Буюк Британия бошқаруви асосий планда бўлади. Лондондаги таътил фильмида эса бу стереотиплардан узоқлашилган ва фильм романтик комедия жанрида суратга олинган.
Фильм воқеликлари 1945 йил Германиядаги фашизм устидан қозонилган ғалабадан сўнг маликалар Елизавета ва Маргарет Букингем саройини тарк этишга ва ғалабани ўз фуқаролари билан нишонлашга рухсат олишади. Кинофильмда бўлажак қироличанинг саргузаштларга тўла кечаси акс этади. Жулиан Жаррольд томонидан суратга олинган ушбу фильм воқеалари “Римдаги таътил” фильмини эслатиб юборади. Лекин сценаристларнинг сўзларига кўра, бу Қироличанинг биографиясидан олинган эпизод бўлиб, чиндан ҳам 1945 йилнинг 9 май куни Қиролича шаҳарни сайр этиш мақсадида қасрни тарк этган. Аммо реал ҳаётда Қироличага катта жамоа ва тансоқчилар ҳамроҳлик қилган. Фильмдаги романтик саҳналар эса бадиий тўқима бўлиб бош ролни Сара Гадон ижро этган.
СПEНСEР (2021 ЙИЛ)
Сперсер — бу малика Диананинг қизлик фамилияси. Фильмда кўрсатилган 1991 йилдаги қишки таътильда Леди Ди бу фамилияни қайтаришга, яъни шаҳзода Чарльздан ажралишга қарор қилади.
“Спенсер” Диананинг руҳий инқироз даври ҳақида ҳикоя қилган ва малика фильмдаги Қиролича образи билан қарама-қарши фигуралар сифатида тасвирланган.
Кинонинг энг машҳур диалогларидан бири Қироличани маликага, “Сизнинг суратларингиз матбуотда тез-тез пайдо бўлишини эшитдим. Аммо муҳим бўлган ягона нарса бу банкнотларда ким тасвирланганида”, дейилган фильмда.
Томошабинлар фильмда қироллик оиласининг ҳаёти ҳақида ҳақиқатга яқин тасвирларни кўриши мумкин. Жумладан, Британия монархлари янги йилни қандай нишонлашлари, бу кун билан боғлиқ қандай анъаналар борлиги, уларга қандай совға тақдим этилиши, байрам дастурхони ва ҳоказо.
Қироллик оиласида Малика Дианаданда устунроқ бўлган Қиролича ролини Стелла Гоне ижро этган.
ТОЖ (2016 ЙИЛ)
Netflix компанияси тарихидаги энг қимматбаҳо сериаллардан бири. Ушбу сериал Қиролича Елизавета II га бағишланган бўлиб, воқеликлар 1947 йил Елизавета турмушга чиққан кундан бошланади.
Ушбу сериални бугунгача тўртта мавсуми экран юзини кўрган, бешинчи мавсум жорий йилнинг ноябрь ойидан эфирга узатилиши режалаштирилган, олтинчи мавсум суратга олиш ишлари эса ўзининг қизғин палласида эди. Аммо Қироличанинг вафоти муносабати билан суратга олиш ишлари тўхтатилган. Кўп қисмли сериалда Қироличанинг турли даврлари тасвирланганлиги боис бош қаҳрамон ролини турли актрисалар ижро этган. Дастлабки икки мавсумда Клер Фой, учинчи-тўртинчи мавсумда Оливия Колман, энди намойиш этилиши керак бўлган икки мавсумда эса Имельда Стонтонлар Елизавета II образини гавдалантирган.
ҚИРОЛИЧА ВА ЖEЙМС БОНД (2012 ЙИЛ)
2012 йилда ёзги Олимпиада ўйинлари Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида ўтказилиши муносабати билан қатор қисқа метражли фильмлар ва видео роликлар суратга олинади. Улардан бирида шахсан Қиролича Елизавета II нинг ўзи ва Жеймс Бонд ролини ижро этган Дэниел Крейг суратга тушган. Гап шундаки, очилиш маросимига режиссёрлик қилган Дэнни Бойл ўз интервьюларида айтишича, у Қироличадан қисқа метражли фильмда суратга тушишни сўрашга журъат этолмасди, шу сабаб у Қиролича ролини актрисалар ижро этишини режалаштирган ва воқеа Қиролича ҳақида бўлганлиги сабабли сценарийни тасдиқлатиш учун Букингем саройига борган.
Елизавета II сценарий воқеалари билан танишганидан сўнг, бош ролни ўзи ижро этишга рози эканини маълум қилади. Роликда Жеймс Бонд Елизавета II ни саройдан олиб кетиш учун келади ва Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими ўтказиладиган стадионга қадар кузатиб боради. Видео ролик тугаганидан кейин эса Қиролича стадионда кўриниш берган. Бу видео бугунгача YouTube орқали 63 миллион маротаба томоша қилинган.
ҚИРОЛИЧА ВА ПАДДИНГТОН АЙИҒИ (2022 ЙИЛ)
2022 йилнинг ёзида Қиролича бошқарувининг 70 йиллиги муносабати билан платина юбилейи маросими ташкил этилган. Ушбу маросим аввалида намойиш этиш учун тасвирга олинган видео роликда ҳам Елизавета II суратга тушган. Унинг партнёри эса анимация ёрдамида тасвирланган Паддингтон айиғи эди. Ушбу видеода Паддингтон айиғи Қиролича билан бир дастурхон атрофида чойхўрлик қилади, Елизавета II айиқчани мурабболи нон бўлаги билан сийлайди.
Паддингтон айиғи эса “ҳаммаси учун раҳмат” айтади. Бу айиқча британиялик ёзувчи Майкл Бонд томонидан 1958 йилда ёзилган шу номдаги асарнинг бош қаҳрамони бўлиб, айиқча ҳақида 2014, 2017 йилларда фильм суратга олинган ва бир нечта талқиндаги мультфильмлар ишланган. Бу видео YouTube’да 12 миллион маротаба кўрилган.
LiveБарчаси