Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзгариш бўлади. 2012 йилги Қонун йўқолиб қолди

Жамият

image

2021 йилги давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадида Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш бўйича ҳам сўз очганди.

“Давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади”, деган эди Президент.

Олий Мажлис Сенати кенгашининг Олий Мажлиснинг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги 2012 йил 29 декабрдаги қарорида ҳам концепция ҳақида маълумот берилган. Лекин қарордаги “Қонун” сўзига қўйилган ҳавола “404 хато” саҳифага олиб боради.

“Давлат Раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ҳамда вазифаларни, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашларнинг яхлит тизимини ўрнатади”, дейилади қарор матнида.

Шунингдек, 2012 йил қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтидан ҳам ўчирилган.

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида муҳокама қилинди. Унда ҳам Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ҳақида сўз борган. Унда Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг такомиллашиши барқарор ички ривожланиш учун қулай ташқи муҳитни изчил шакллантиришни тезлаштириш, халқаро майдонда мамлакат манфаатларини самарали илгари суриш ва жаҳон бозорида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини изчил оширишга хизмат қилиши таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг