Ташқи ишлар вазири АҚШда Халқаро тараққиёт агентлигининг янги раҳбари билан учрашди

Жамият

image

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Америка Қўшма Штатларига сафар қилиши ҳақида хабар берилганди. Комилов кеча, 28 июнь куни Вашингтон шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр билан учрашди.

Хабар берилишича, Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Пауэрни USAID раҳбари лавозимига тайинланганлиги билан табриклади ва фаолиятига муваффақият тилаган.

“Музокаралар чоғида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ечиш борасида Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Пауэр Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ўсишга эришилаётганини олқишлаган ҳамда Ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар тараққиёт бўйича мақсадларига эришишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, USAID администратори “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференцияга таклиф учун миннатдорлик билдириб, форум ишида ўзининг иштирок этиши имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган. Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маълумот учун, 2020 йил октябрь ойида АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатда тўлақонли миссия очилишини эълон қилган эди. Жорий йил 10 июнда Микаела Мередит Ўзбекистондаги USAID миссиясининг биринчи директори вазифаларини бажаришга киришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг