Ташқарида XXI аср, Учтепадаги мактаб эса уйдан олиб келинган эски электр печка билан иситиляпти

Жамият

image

Ўзбекистонда совуқ кунлар келиши билан аҳоли ва ташкилотларга газ ва электр энергияси етказиб беришда турли хил муаммолар юзага келади. Совуқ шароит сабаб фуқароларнинг соғлиқларига нисбатан жиддий зарар етади. 

Бу муаммолар одатда чекка ҳудудларда кузатилади. Бироқ таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаат эса бироз ноодатий, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқародан келган. 

Унинг айтишича, Учтепа тумани “Кўксарой” маҳалласида жойлашган 297-мактабда иситиш тизими куз-қиш мавсуми бошланганидан буён умуман ишлатилмаган. Хоналар совуқ ва шу сабабдан ўқувчилар давомати ҳам  ачинарли аҳволда. Кунлик давомат айрим синфларда атиги 8-10 нафар ўқувчини ташкил қилармиш. 

Маълумотларга кўра, мактаб таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Шу сабабдан, маъмурият томонидан уларни бошқа бинога кўчиришга режалаштирилган. Кўчиш муддати сабабсиз кечиктирилган. Совуқ ҳаво кириб келгач ҳам иситиш тизими вақтида ёқилмаган. 

Мактабга қатнаётган ўқитувчилар ва ўқувчилар дарсларни иссиқ кийимда ўтказишга мажбур бўлишмоқда. Айрим ота-оналар фарзандларининг соғлиғидан хавотир олиб, уларни дарсга юбормай қўйишган. Ноябрь ойининг охирида кузатилган совуқда эса ўқитувчилар дарсларни шароит оғир бўлишига қарамай, бироз иссиқроқ хоналарда ўтказишга мажбур бўлишган.

“Иссиқ кийимларда ҳам совуқ қотмоқдамиз. Аввал ўзлари келиб, дарсларда қатнашиб кўришса бўларди. Шунда бизни тушунишган бўларди. Баъзи хоналарга “печка”лар ҳам қўйишди. Лекин у хоналарни тўлиқ иситмайди”, деди исми сир сақланишини хоҳлаган ўқувчилардан бири.

Агарда мактабга тегишли ташкилотлардан текширувчи келадиган бўлса, ўқитувчилар илтимос билан болаларни дарсларга вақтинчаликка  чақиртиришаркан.

Яқинда Халқ таълими вазирлиги мазкур масалалар юзасидан мурожаат кўпайганини маълум қилиб, мактабларнинг иситиш масаласи маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилишини маълум қилганди. Ўйлаймизки, Учтепа туман ҳокимлиги мазкур масалага диққат эътиборини қаратади ва уни ижобий ҳал этишда ташаббус кўрсатади. Ўзимиз айтганимиздек, улар  келажагимиз бунёдкори ва уларга етарли шарт-шароитларни қилиб бериш вазифамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг