Ташиев иши: суд айблов ҳукмини ўзгартирди
Жамият
−
20:02 1328 4 дақиқа
Бугун, 10 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди судьялари Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ишидан ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш айбловини чиқариб ташлади ва апелляция бўйича ҳукмни ўзгартирди. Бу ҳақда “Kaktus.media” хабар берди.
Қайд этилишича, Бишкек шаҳар суди МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ва яна етти кишига нисбатан олиб борилаётган “75 лар хати”ни кўриб чиқишни давом эттирган. Суд мажлиси ёпиқ режимда бўлиб ўтган. Қарор эълон қилинишидан олдин судьялар маслаҳатга чиқиб кетган. Нашр маълумотларига кўра, суд ижрочилари журналистлар ва бошқаларни залга киритмаган. Шу сабабли ҳукм ёпиқ эшиклар ортида ўқиб эшиттирилган.
Судьялар айбловдан ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаб олишга уриниш моддасини олиб ташлаган. Унинг ўрнига сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш моддасини қўллаган.
“Айбловдан 326-модда – “Ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаб олишга уриниш” чиқариб ташланди. У сайлов ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ 195-моддага қайта малакаланди. Бунга муддатидан олдинги сайловларни ўтказишга уриниш ҳақидаги гаплар сабаб бўлган, шекилли”, дейди адвокат Латипбек Нуралимов.
Янги модда бўйича судьялар Қамчибек Ташиев, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, шунингдек, Бекболот Талғарбеков, Қурсан Асанов, Қурманбек Дийқанбаев, Ооли Қарашев ва Эмиль Узоқбоевларни айбдор деб топган.
Уларнинг ҳар бирига тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва икки йил муддатга пробация назорати тайинланган. Судьялар ҳукмдан мол-мулкни мусодара қилиш жазосини олиб ташлаган, чунки янги моддада бундай чора назарда тутилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ биринчи инстанция суди Ташиев ва бошқа айбланувчиларга тўрт йилдан жазо тайинлаган эди. Ўшанда судьялар уларни ҳокимиятни куч ишлатиб эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топган, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш бўйича ишда эса оқлов қарорини чиқарган эди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси