Тарихдаги энг йирик нефть инқирози юз бериши мумкин – ХЭА
Олам
−
14 Апрель 4682 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги уруш туфайли 2026 йилда дунёни тарихдаги энг йирик нефть инқирози кутмоқда. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигига таяниб, (ХЭА) “Reuters” хабар берди.
ХЭАнинг нефть бозори ҳолати бўйича ойлик ҳисоботига кўра, Яқин Шарқдаги энергетика объектларига берилган зарбалар ва Эрон томонидан Ҳормуз бўғозининг амалда ёпилиши нефть қазиб олиш ҳамда экспортга салбий таъсир кўрсатгани фонида, жорий йилда таклиф кунига 1,5 миллион баррелга қисқаради.
Агентлик Яқин Шарқдаги урушни нефть етказиб беришдаги тарихдаги энг йирик узилиш деб атаган ва у “нефть истеъмолининг глобал истиқболларини бутунлай остин-устун қилиб юборганини” қайд этган.
ХЭА прогнозига кўра, 2026 йилда таклиф талабдан атиги 410 минг баррелга кўпроқ бўлади, ваҳоланки ўтган ойда 2,46 миллион барреллик ортиқча таъминот (профицит) прогноз қилинган эди.
Энергетика объектларига ҳужумлар ва Ҳормуз бўғозининг ёпилиши март ойида кунига 10,1 миллион баррель етказиб беришнинг йўқотилишига олиб келган. Апрель ойида бу кўрсаткич яна 2,9 миллион баррелга ошиши мумкин. 2026 йилнинг иккинчи чорагида талабнинг 1,5 миллион баррелга камайиши прогноз қилинмоқда, бу COVID-19 пандемияси бошланганидан бери энг чуқур пасайиш бўлади.
“Дефицит ва юқори нархлар сақланиб қолар экан, талабнинг қисқариши янада кенгаяди”, деб баёнот берди ХЭА.
Ташкилотнинг қўшимча қилишича, ҳозирда нефть истеъмолининг энг сезиларли даражада камайиши Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасида, хусусан, нафта, суюлтирилган нефть гази ва авиация ёқилғиси йўналишларида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг топшириғига биноан Америка ҳарбийлари Ҳормуз бўғозида расман блокада бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси