Тарихда илк бор сунъий интеллект бўйича халқаро шартнома имзоланди
Олам
−
30 Ноябрь 2021 4337 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – UNESCO’нинг ихтисослашган агентлиги таркибига кирувчи 193 давлатнинг барчаси сунъий интеллектга оид ҳужжатни маъқуллади.
БМТнинг таъкидлашича, “бу Ер сайёраси тарихида биринчи марта содир бўлди ва тарихий ҳужжат сунъий интеллектнинг хавфсиз ривожланиши ва ишлатилишини таъминлаш учун зарур бўлган умумий қадриятлар ва тамойилларни белгилайди”.
Ташкилот аъзолари томонидан маъқулланган ҳужжат сунъий интеллект технологиясининг ахлоқий ривожланишини таъминлаш учун ҳуқуқий инфратузилмани яратишга қаратилган.
“Дунё сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича маълум қоидаларга муҳтож. Биз қабул қилган ҳужжат дунёдаги биринчи глобал меъёрий-ҳуқуқий базани ўрнатади ва уни амалга ошириш учун давлатларга масъулият юклайди”, дея тушунтирди UNESCO Бош директори Одри Азуле.
Шу билан бирга, ташкилот ушбу технология “мисли кўрилмаган муаммоларни” яратиш имкониятига эга эканлигидан огоҳлантиради. Жумладан, оммавий кузатув хавфи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишончсиз технологиялардан фойдаланишнинг кўпайиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Ҳозиргача бу саволларга жавоб берадиган кўп томонлама тизим мавжуд эмас.
БМТ сунъий интеллект аллақачон қўлланилаётган соҳаларни санаб ўтди: парвозларни банд қилиш, банк кредитига ариза бериш, шунингдек, саратон касаллигини ташхислаш ва ногиронлар учун интенсив технологиялар ва бошқалар.
Ташкилотнинг ихтисослашган агентлиги маълумотларига кўра, у рақамли технологиялар инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшишини таъминлаш, шаффофлик ва шахсий дахлсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, маълумотларни бошқариш, таълим, маданий соҳалар бўйича тўғри назорат йўналишини белгилаб олиш ҳисобланади.
Шартноманинг асосий чақириқларидан бири маълумотларни ҳимоя қилиш, технологик фирмалар ва ҳукуматлар ҳаракатлари шаффофлигини таъминлашга эришишдир.
“Миллионлаб одамларга тегишли қарорлар адолатли, шаффоф ва келишилган бўлиши керак. Ушбу янги технологиялар бизга замонавий дунёнинг тенгсизлик ва экологик инқирознинг кучайиши каби асосий муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериши керак”, дейди, UNESCO Бош директорининг ижтимоий ва гуманитар масалалари бўйича ёрдамчиси Габриела Рамос.
Достон Искандаров
Live
Барчаси