“Тарих яратилди”. Ўзбекистонлик футболчилар Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди
Спорт
−
29 Апрель
124209Бугун, 29 апрель куни Қатар яшил майдонларида ўтказилаётган футбол бўйича U-23 Осиё кубогининг ярим финал ўйинлари бошланди. Финалолди ўйинда Индонезия билан куч синашган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучиб, Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқди.
Учрашувдаги дастлабки гол 68-дақиқада захирадан майдонга тушган Ҳусайн Норчаев томонидан киритилди. 86-дақиқада Жасурбек Жалолиддинов стандард вазиятдан рақиб дарвозаси томон зарба берди, зарбани индонезияликлар посбони қайтарди. Қайтган тўпни Абдуқодир Ҳусанов дарвозага йўллади, бироқ “Ланс” аъзосининг зарбаси дарвоза устунига тегди. Шу вазиятда саросимадаги Индонезия аъзоси Арҳан тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди.
Шундай қилиб, Темур Кападзе мураббийлигида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси мамлакат тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини кафолатлади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси турнирда ҳамон ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда. Жамоа 5 та ўйиндан буён гол ўтказиб юбормаяпти.
Энди ўзбекистонлик футболчилар 3 май куни мусобақа финалида Япония-Ироқ қарама-қаршилиги ғолиби билан турнир бош соврини учун куч синашади. 2 май куни эса қитъа биринчилигининг 3-ўрини учун баҳс бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Париж Олимпиадаси шу йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар ўтказилади.